Тошкентда пластик карталардан 10,5 млн. сўм ўғирлаган шахс қўлга тушди

Тошкентда пластик карталардан 10,5 млн. сўм ўғирлаган шахс қўлга тушди

Тошкентда пластик карталардан 10,5 млн. сўм ўғирлаган 20 ёшли ўсмир қўлга тушди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум бўлишича, 29 май кунидан 09 июнь кунига қадар бўлган вақт оралиғида 20 ёшли И.М., “Қўйлиқ деҳқон бозори” ҳудудида ўрнатилган банкомат ёнида бўла туриб, мазкур банкомат ёнига пластик картадаги пулни нақдлаштириш мақсадида келган жами 7 нафар фуқароларга, пулларни нақдлаштиришда ёрдам беришини айтиб, улардан пластик картасини олиб, пулларни нақдлаштириш жараёнида, пластик картага уланиш «SMS» хабарномасини ўзининг уяли телефон рақамига яширинча ўрнатиб, пластик карта рақами ва кодини уяли алоқа воситасига сақлаб олиб, мазкур фуқароларнинг пластик картаси ҳисобида мавжуд бўлган жами 10.497.410 сўм пул маблағларини яширин равишда эгалаб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари якунига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан тегишлилиги бўйча судга юборилган.