Тошкентда қўлда тўқилган гиламлар халқаро фестивали ўтказилади

Тошкентда қўлда тўқилган гиламлар халқаро фестивали ўтказилади

«Республикада қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори (ПҚ–4759-сон, 26.06.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида «меринос» зотли қўй ва «ангор» зотли эчкилар етиштириш хўжаликларига тегишлича яйлов ер майдонлари ажратилади.

2021 йил 1 январга қадар тоғолди яйловлар учун қурғоқчиликка чидамли озуқа экинларнинг бирламчи уруғчилиги ташкил этилади.

2020 йил 15 июлдан бошлаб «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилиш учун харажатларга – ҳар бир дастгоҳ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (2 млн 230 минг сўм) миқдорида субсидиялар ажратилади.

2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида Тошкент шаҳрида шарқона қўлда тўқилган гиламлар (Hand-made Oriental Carpets) халқаро фестивали ўтказилади.

2020 йил якунига қадар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида туристлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари ҳудудларида қўлда тўқилган гиламлар кўргазма-савдо расталари (дўконлари) ташкил қилинади.

Шунингдек, «гилам тарихи» (“The history of carpet”) QR-кодлар бўйича ҳар бир гиламнинг тўқилиш жараёни, чевар хотин-қизлар ва уларнинг ишлаш шароити ҳамда шу каби маълумотларни ўзида мужассам этган мобил иловалар ишлаб чиқилади.