Тошкентда салкам 97 минг долларга фирибгарлик йўли билан эга чиққан шахс қўлга олинди

Тошкентда салкам 97 минг долларга фирибгарлик йўли билан эга чиққан шахс қўлга олинди

Тошкент шаҳрининг Шота Руставели кўчасида жойлашган “Хумо транс” авиакассаси раҳбари қамоққа олинди. У 80 кишидан жами 96 минг 250 долларни фирибгарлик йўли билан йиғиб олган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 13 январ куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ Коррупсия ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳар Шота Руставели кўчасида жойлашган “Хумо транс” авиакассаси раҳбари К.Е. ушбу авиакассада фуқаро М.З. ни алдаб, пандемия шароитида чет давлатга даволаниш учун боришга асос бўлувчи касаллиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб беришига ва шу ҳужжатга асосан бемалол Россия Федерасиясига бориши мумкинлигига ишонтирган. Авиакасса раҳбари фуқаронинг 1450 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Олиб борилган тезкор қидирув ишлари давомида фуқаро К.Е. бундан аввал ҳам 79 нафар фуқарони шу усулда алдаб, уларнинг ҳар биридан 1200 АҚШ долларидан жами 94800 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан, 2021 йил 13 январ куни Тошкент шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро К.Е. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.