Тошкентда такси билан пойга ўйнаган автобус ҳайдовчиси жазоланди

Тошкентда такси билан пойга ўйнаган автобус ҳайдовчиси жазоланди

Фото: “Тошшаҳартрансхизмат”

Жорий йилнинг 21 февраль куни 12 автобус саройи тасарруфидаги 130 йўналишда қатновчи автобус ҳайдовчиси М.У йўловчи ташиш қоидаларини қўпол равишда бузиб, йўналишли такси транспорт воситаси билан пойга ўйнаган.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳайдовчининг автобусни тўхтатишдаги кескин ҳаракати натижасида йўловчи Р.К йиқилиб, жароҳатланган. Ушбу кўнгилсиз воқеа ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Ҳозирда автобус ҳайдовчиси йўловчи олиб юриш тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун унга нисбатан ЙҲХБ томонидан баённома тузилди. Ундан ташқари ойлик маоши ҳисобидан жаримага ҳам тортилди, дейилади хабарда.

Шунингдек, 1-автобус саройи тасарруфидаги 15-йўналишда чиптачи бўлиб ишловчи К.Ф ҳаракат вақтида автобус салонида тамаки маҳсулоти истеъмол қилгани учун ойлик маошидан жарима тўлаши маълум қилинди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ йўловчилардан жамоат транспорти, хусусан, автобусларда кўнгилсиз ҳолатлар ва воқеаларга гувоҳ бўлса, бу ҳақда 1062 ишонч телефонига хабар беришини сўради.