Тошкентда такси ҳайдовчиси ва деҳқон бозорининг 6 нафар сотувчисида коронавирус аниқланди

Тошкентда такси ҳайдовчиси ва деҳқон бозорининг 6 нафар сотувчисида коронавирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, 10 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 103 нафар беморнинг 27 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 11 июнь куни эса коронавирус қайд этилган 118 нафар бемордан 39 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумот, ҳам умумий касалланиш, ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари динамикасида ўсиш кузатилаётганини кўрсатмоқда.

11 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Навоий вилоятида 18 нафар, Тошкент шаҳрида 17 нафар, Наманган вилоятида 3 нафар ҳамда Тошкент вилоятида 1 нафарни ташкил этмоқда.

Мисол учун, Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи фуқарода (ишга кириш мақсадида таҳлилдан ўтган), Шайхонтоҳур туманидаги «Медиа парк» савдо мажмуаси яна бир сотувчисида, Юнусобод деҳқон бозорининг яна 6 нафар сотувчисида, Сергели туманида касаллиги тасдиқланган такси ҳайдовчисининг отаси ва укасида коронавирус аниқланган.

Бугун соат 10:00 га қадар касаллик аниқланган 78 нафар бемордан 7 нафари аҳоли орасида қайд этилган. Жумладан, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи фуқаро (тана ҳарорати кўтарилиб, шифохонага мурожаат қилган), Жондор туманида яшовчи фуқарода (шу тумандаги «ВEТ-ФАРМ» МЧЖ сотувчиси) ҳамда Вобкент туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилгани сабабли таҳлил топширган), шунингдек, Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 2 нафар фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

"Мазкур ҳолатда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, такрор бўлсада, аҳолини ҳар қадамда хушёр ва огоҳ бўлишларини, ҳар биримизга ёд бўлиб кетган карантин ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишларини сўрайди.

Коронавирус инфекциясига қарши асосий қалқонимиз, айнан, карантин қоидаларига сўзсиз амал қилиш эканини асло унутмаслигимиз керак" - дейилади ССВ хабарида.