Тошкентда Тожикистон саноати маҳсулотлари кўргазмаси очилади

Тошкентда Тожикистон саноати маҳсулотлари кўргазмаси очилади

11-14 октябр кунлари Тожикистоннинг 130дан ортиқ корхоналари пойтахтимизда ўз маҳсулотларини кўргазмага қўяди. Бу ҳақда Sputnik Тожикистан хабар қилмоқда.

Мазкур кўргазмани ўтказиш сентябрга мўлжалланган, бироқ тайёргарлик ишлари чўзилганлиги боис октябрга кўчирилган. Кўргазмани ўтказишга ўтган йилнинг охирида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисида келишилган эди.

Кўргазма доирасида ўзбек ва тожик ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум ўтказилади.

Аввалига ушбу тадбирда Тожикистоннинг 64та саноат корхонаси қатнашиши режалаштирилган эди. аммо кейинроқ иштирокчилар сафи кенгайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрелида Ўзбекистон 160дан ортиқ саноат корхоналарининг маҳсулотларини Душанбеда намойиш қилган.