Тошкентда хитойлик шахснинг ҳужжати, пластик карта ва пуллари тунаб кетилди

Тошкентда хитойлик шахснинг ҳужжати, пластик карта ва пуллари тунаб кетилди

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Хитой фуқаросига нисбатан содир этилган талончиликда гумонланувчи шахсларни қўлга олди.

Маълум қилинишича, 3 август куни Яккасарой тумани ички ишлар органларига 24 ёшли ХХР фуқароси Я.Д. мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, соат тахминан 22.40 да ўзининг «Ласетти» автомобилида бўлганида унинг машинасига икки нотаниш киши минган. Улар Я.Д.ни саволлар билан чалғитиб, салондан ичида паспорт, сўм ва АҚШ долларида бўлган пуллар, банк карталари бўлган сумкани ўғирлаб кетишган.

Кўрилган чоралар натижасида Боғтепа кўчасида дарахт остида сумка, паспорт ва карталар топилди. Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166 моддаси («Талончилик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тезкор-қидирув тадбирлари натижаларига кўра, шунингдек ташқи видеокузатув камералари ёзуви ўрганилгач, Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари талончиликда гумонланувчи шахсларни аниқлаб – 25 ёшли А.М. ва 23 ёшли М.С.ларни қўлга олишди.

Тергов давомида ўғирланган нарсаларнинг бир қисми жабрланувчига қайтарилди. Тергов давом этмоқда.