Тошкентда янги эксперимент жорий қилиниши мумкин

Тошкентда янги эксперимент жорий қилиниши мумкин

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик назорат соҳасида жисмоний шахсларнинг иштирокига доир «Эконазорат» ахборотлаштириш тизими ишлаб чиқилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасида келтирилган.

Қайд этилишича, янги ахборот тизимини 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида эксперимент тариқасида жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Таъкидланишича, ахборот тизимидаги мобил илова ва Telegram-бот қуйидаги имкониятларни тақдим этади:  

  • жисмоний шахслар томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар (фото ва видео материиаллар)ни Давлат экология қўмитасига манзил (локация) белгилари бўйича юбориш;
  • ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга пул мукофотларини тўлаш;
  • 2021 йил декабрь ойидан бошлаб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг жойлашуви бўйича давлат кадастри ва уларнинг мониторинги тўғрисида маълумотлардан очиқ фойдаланиш ва бошқалар.

«Эконазорат» ахборотлаштириш тизими 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бутун мамлакат ҳудудида узлуксиз ишлашини таъминлаш белгиланган.