Тошкентдаги 100 га яқин поликлиникаларда электрон тиббий карта жорий этилади

Тошкентдаги 100 га яқин поликлиникаларда электрон тиббий карта жорий этилади

Иллюстратив фото

Кеча, 10 март куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев соҳаларда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Президентимиз жорий йилда болалар боғчаси, масофавий таълим, шаҳар жамоат транспортлари учун ягона электрон чипта, қурилишни назорат қилиш, электрон тиббиёт картаси каби янги дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.

Фото: president.uz

Масалан, электрон тиббиёт картаси жорий этилса, шифокорларнинг қоғоз тўлдиришга кетадиган вақти анча қисқариб, аҳоли билан ишлаши учун кўпроқ имконият бўлади.

Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги 15 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, 11 та кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда 62 та поликлиника “Ягона электрон тиббий карта” ва “Электрон поликлиника” ахборот тизимига уланиб, хусусий клиникалар билан интеграция қилинади. Бундай тизим бошқа соҳа ва тармоқларда ҳам татбиқ этилади.

Дастурий маҳсулотлар узлуксиз ва самарали ишлаши учун инфратузилма зарурлиги қайд этилар экан, барча давлат муассасаларини юқори тезликда маълумот узатиш тармоғига улаш, замонавий компьютер технологиялари билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Аҳоли, айниқса ёшлар орасида рақамли кўникмаларни такомиллаштириш, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 600 дан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги интернетга уланган. Аммо ушбу йўналишда қилинаётган ишлар ҳали ҳам етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.