Тошкентдаги «Ғалаба боғи» ҳайкалтарошларига қарийб 5,5 млрд сўм гонорар тўлаб берилгани маълум қилинди

Тошкентдаги «Ғалаба боғи» ҳайкалтарошларига қарийб 5,5 млрд сўм гонорар тўлаб берилгани маълум қилинди

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 2019 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳар, Олмазор туманида «Ғалаба боғи» мажмуасининг қурилиш ишлари олиб борилган. Бу борада хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида мажмуанинг бош пудратчиси ҳисобланган «Трест 12» акциядорлик жамияти томонидан ҳайкалтарошлар  — Й.Боқиев, У.Асроров, Ж.Анназаров ва Б.Норбоевлар Хитойга малака ошириш учун юборилган.

Ҳайкалтарошлар томонидан мажмуада «Теракзор» фаввораси, «Шон-шараф гулчамбари» барельефи, «Ғалаба» композицияси, Иккинчи жаҳон уруши мавзусидаги барельеф, «Югураётган аскар», 101 фигурадан иборат «Концлагер», «Асраб олинган 200 000 бола», 2 фигурали «Мусиқачи солдатлар», 5 фигурали «Югураётган болалар» фаввораси, «Окоп 1» ва «Окоп 2», «Фронт орти», «Учрашув», «Кузатиш», «Уруш» деб номланган барельефлар, «Иккинчи жаҳон урушининг 14 қаҳрамони», «Мевалар, нон, самолётлар» деб номланган барельефлар, «Зулфия Зокирова ва унинг келинлари» композицияси каби ижодий ишлар яратилган.

2020 йилнинг 27 майида ҳукуматнинг тегишли фармойиши билан ташкил этилган баҳоловчи гуруҳ томонидан мажмуада яратилган ижодий ишлар ва бадиий ёдгорликларнинг 6 нафар муаллифига тўланадиган жами 5 миллиард 459 миллион сўм муаллифлик ҳақлари (гонорарлар) белгиланган ва 2020 йил 29 майда ҳайкалтарошлар Б.Норбоев 1 233,1 миллион сўм ҳамда М. Бородинага 481,3 миллион сўм муаллифлик ҳақи (гонорар) ва иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилган.

М.Сафарян, Й.Боқиев, У.Асроров, Ж.Анназаровларга муаллифлик ҳақларини тўлаш учун ўз вақтида зарурий ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги сабабли «Трест 12» жамияти томонидан ушбу гонорарларни тўлаш имконияти бўлмаган.

«Коронавирус пандемияси даврида карантин жорий қилиниши муносабати билан барча ташкилотлар каби «Трест 12» жамиятида ҳам молиявий қийинчиликлар юзага келган. Шуни инобатга олган ҳолда 2020 йил 19 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси баёни тасдиқланиб, 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида мажмуада бажарилган ишлар учун «Трест 12» жамиятига қўшимча маблағлар ажратилди ва ушбу маблағлар ҳисобидан 2020 йил 20 ноябр куни барча ҳужжатлар тақдим қилингандан сўнг ҳайкалтарошлар М. Сафарян, Й. Боқиев, У. Асроров, Ж. Анназаровларга жами 3 млрд 684 млн сўм муаллифлик ҳақлари (гонорар) тўлиқ тўлаб берилди. Бугунги кунда мажмуада амалга оширилган ишлар бўйича ҳайкалтарошлардан қарздорлик қолмади», – дейилади «Трест 12» АЖ маъмурияти хабарида.