Тошкентдаги савдо объектларида ўртача бир кунлик тушум қанча эканлиги маълум қилинди

Тошкентдаги савдо объектларида ўртача бир кунлик тушум қанча эканлиги маълум қилинди

Апрель ойида Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан 481 та объектда хронометраж кўздан кечириш тадбирлари ўтказилди. Натижада тушумлар миқдори олдинги кунлардаги ўртача бир кунлик тушумга нисбатан 1,9 млрд. сўмга ошди, дея хабар қилди Тошкент шаҳар ДСБ матбуот хизмати.

Жумладан;

  • савдо объектларида 1 млрд 428,5 млн сўмга;
  • умумий овқатланиш шохобчаларида 276,2 млн сўмга;
  • хизмат кўрсатиш объектларида 140,1 млн сўмга;
  • дорихоналарда 37,4 млн сўмга;
  • автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 32,6 млн сўмга;
  • тиббий хизмат кўрсатиш объектларида 1,1 млн сўмга ошган.

Хронометраж тадбирлари давомида хўжалик юритувчи субъектларда 483 нафар фуқаро белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан ишлаётгани аниқланди.

Жумладан, пойтахтнинг Олмазор тумани Қора-Қамиш 2/5-даҳаси Ўразбоев кўчасида фаолият юритаётган савдо шохобчасида ўтказилган хронометраж давомида 38,3 млн сўм тушум амалга оширилиб, бир кун олдингига нисбатан ўртача 16,5 млн сўмга ошди. Бундан ташқари, 18 нафар фуқаро белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан ишлаётганлиги аниқланди.

Ушбу ҳудуддаги Нозимахоним кўчасида жойлашган яна бир савдо марказида ўтказилган хронометраж давомида 70,9 млн сўм тушум амалга оширилиб, бир кун олдингига нисбатан ўртача 50,5 млн сўмга ошган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказилган хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юборади, камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади.

«Ҳурматли тадбиркорлар ишга жалб этилган фуқароларнинг „конверт“ усулида ҳақ тўланиши, савдодан тушган нақд пулларнинг банкдан ташқари айланмасига йўл қўйманг. Зеро, Сиз савдо-сотиқ тартиб-қоидаларига тўлиқ амал қилиш орқали нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларнинг ўз вақтида тўланишига ҳамда аҳоли турмуш фаровонлиги янада яхшиланишига ҳисса қўшган бўласиз», — дейилади хабарда.

5855