Тошкентдаги Янгиҳаёт тумани майдони 6 туман ҳудуди ҳисобига кенгайтирилади​

Тошкентдаги Янгиҳаёт тумани майдони 6 туман ҳудуди ҳисобига кенгайтирилади​

Фото: president.uz

Аввал хабар қилганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Маълум қилинишича, Сергели туманида охирги 3 йилда 460 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди. Шу даврда бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошди. Булар бошқарувни такомиллаштиришни, аҳолига қулайликлар яратишни тақозо этади.

Давлат раҳбари жорий йил 29 май куни Тошкент шаҳрида Янги ҳаёт туманини ташкил этиш масаласига тўхталиб ўтган эди. Шунга мувофиқ, ишчи гуруҳ томонидан Сергели туманидан 1752 гектар, Бектемирдан 267 гектар, Зангиотадан қарийб 328, Қуйи Чирчиқдан салкам 129, Янгийўлдан 263, Ўрта Чирчиқдан 1346 гектар ажратиб, Янги ҳаёт туманини жами 4085 гектарда ташкил этиш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.

Янги ҳаёт тумани ташкил этилиши муносабати билан Тошкент шаҳри туманлари чегарасининг ўзгариши тўғрисида ҳам тақдимот қилинди. Шунингдек, Янги ҳаёт туманида лойиҳалаштирилаётган бунёдкорлик ишлари, туманнинг маъмурий марказини ташкил этишга оид таклифлар кўриб чиқилди.

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, Тошкент шаҳрининг Бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Мутасадди раҳбарларга юқоридаги масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилди.