Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тошкентнинг 12 дарвозаси ва қалъа девори харитаси (фото)
13.06.2021 13:24,  
274

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти директори ўринбосари Камолиддин Файзуллаев эски шаҳар қалъасининг 12 дарвозаси ва Ўрданинг жойлашган ўрни қидирилаётганлиги ҳақида аввал гапириб берган эди. Ушбу мақолада муаллиф мазкур объектлар жойлашган ўрнининг бугунги кунда мавжуд ориентирларга нисбатан жойлашуви ҳақида батафсил сўзлаб беради. Пойтахтнинг қадимий хариталари ва юқорида санаб ўтилган объектларнинг бугунги кундаги жой ҳолатига нисбатан жойлашиши билан Тошкент ҳокимлиги томонидан ишга туширилган интерактив платформада танишиш мумкин.

Мазкур объектларнинг аниқ жойлашувини картографик архив материалларини бугунги кундаги жойга географик боғлаш орқали аниқлаш имкони бўлди. Бунинг учун биз 1866-1872, 1890, 1912, 1977 ва 2019 йилларда яратилган хариталардан фойдаландик.

Эски шаҳар қалъасининг девори ва 12 дарвозаси ҳамда Ўрданинг тарихини иштиёқ билан ўрганишингиз учун Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти his.tashkent.uz интерактив платформасида бир ярим асрга тааллуқли хариталарни жойлаштирди.

Мақола сўнггида файлга ҳавола топасиз. Мазкур файлнинг формати эски шаҳар қалъасининг девори ва 12 дарвозаси ҳамда Ўрданинг жойлашган ўрнини Google Earth (Google Планета Земля) геоахборот тизимида батафсил ўрганиш имкониятини яратади.

KMZ форматидаги файлни Google Earth иловаси юкланган ускуналарда очиш мумкин.

Windows, Mac, Linux операцион тизимлар ўрнатилган компьютерлар учун Google Earth иловаси;

Android учун Google Earth иловаси;

AppStore сервисида Google Earth иловасини бизнинг минтақадан юклаб бўлмайди. Google Earth иловасини Iphone телефонларига юклаш учун телефон созламаларида минтақани ўзгартириш керак – акс ҳолда Google Earth иловаси AppStore сервисида кўринмайди.

1865 йилда Тошкент шаҳри 4 та маъмурий-ҳудудий бирликлар – даҳалардан иборат бўлган: жануби-шарқда – Бешёғоч, жануби-ғарбда – Кўкча, шимолда –Себзор ва шарқда Шайҳонтоҳур даҳалари.

Тошкент шаҳри маъмурий-ҳудудий бирликлари майдонлари

Бешёғоч

441 га

Кўкча

341 га

Себзор

311 га

Шайҳонтоҳур

624 га

Шаҳарнинг умумий майдони

1717 га

Бешёғоч дарвозаси

Бешёғоч дарвозаси 1865-1866 йилги подпоручик Колесников харитасида

Бешёғоч дарвозаси қадимий Тошкентнинг жанубида жойлашган эди. Подпоручик Колесниковнинг харитасида (1а-расм) сариқ чизиқ билан Бешёғоч дарвозасига олиб борадиган йўллар кўрсатилган. Ушбу кўчаларнинг геометрияси 1890 йилга келиб ҳам деярли ўзгармаган (1б-расм).

Бугунги кунда эса, 2019 йилги ортофотопланда кўринганидек (1в расм), ушбу дарвоза Бешёғоч майдонида, Бешёғоч кўчаси ва Magic City кўнгилочар боғининг марказий кириш жойи ўртасида жойлашган бўлар эди.

Бу ва кейинги хариталардаги яшил чизиқ қалъа девори ўрнини билдиради.

Камолон дарвозаси

Камолон дарвозаси 1865-1866 йилги подпоручик Колесников харитасида

Бугунги кунда Камолон дарвозаси (бошқа манбааларга кўра Терсариқ, Қангли деб номланган) Шайҳонтоҳур туманидаги Камолон кўчасида Офтоб ва Қозиробод кўчалари оралиғида жойлашган бўлар эди.

Буни аниқлаш учун биз 1866 ва 1890 йиллар хариталаридаги йўллар траекториясини (сариқ чизиқ билан белгиланган) 2019 йилги ортофотоплан билан солиштирдик.

Дарвозалардан ташқари шаҳар қалъасида бир нечта ўтиш жойлари, яъни тешиклар бўлган. Шаҳар аҳолиси улардан асосан қишлоқ хўжалиги ишлари мавсумида фойдаланишган. Мавсум якунланиши билан ёки шаҳар хавфсизлигига таҳдид бўлганда мазкур тешиклар ёпиб ташланган. Шундай ўтиш жойларидан бири Бешёғоч ва Камолон дарвозалари орасида жойлашган.

Самарқанд дарвозаси

Самарқанд дарвозаси 1865-1866 йилги подпоручик Колесников харитасида

Машҳур Самарқанд дарвозаси шаҳарнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган эди. Бу дарвозадан чиқадиган йўл Самарқандга олиб борар эди – ўша йўл харитада сариқ чизиқ билан белгиланган.

Қадимий хариталарни ва шаҳарнинг замонавий ортофотопланларини таққослаш орқали бугунги кунда дарвозаларнинг мавжуд ориентирларга нисбатан жойлашувини аниқладик: дарвоза Самарқанд дарвозаси кўчасида Термиз тор кўчаси ва Камолон кўчаси оралиғида жойлашган.

Кўкча дарвозаси

Кўкча дарвозаси 1865-1866 йилги подпоручик Колесников харитасида

Шайх Зайниддин бобо мақбарасидан 980 метр шарқда Кўкча дарвозаси жойлашган эди. Колесниковнинг харитасида (4а-расм) сариқ чизиқ билан мазкур мақбарага борадиган йўл (расмнинг чап томонида) кўрсатилган.

Расмда сариқ чизиқ билан кўндаланг турган кўча 1977 йилги топопланда (4б-расм) Уйғур номи билан кўрсатилган. Бу кўчадан трамвай йўли ўтган эди. XX асрда дарвозалар худди мана шу кўчада жойлашган бўлар эди.

Бугунги кунда Кўкча дарвозаси шу номдаги кўчада худди шу номдаги тор кўча ва Жалолобод кўчалари оралиғида жойлашган бўлар эди.

Чиғатой дарвозаси

Чиғатой дарвозаси 1865-1866 йилги подпоручик Колесников харитасида

Чиғатой дарвозаси номини машҳур саркарданинг ўғли номи билан боғлашади. Дарвоза шаҳарнинг шимоли-ғарбий томонида жойлашган эди. Унинг яқинидан Калковус ариғи оқиб ўтар эди.

Колесников харитасида (5а-расм) сариқ чизиқ билан шимоли-ғарбга борадиган йўл кўрсатилган, 100 йил ўтгандан кейин эса (5б-расм) бу йўл Фаробий кўчаси деб атала бошланди.

Бугунги кунда эса, 2019 йилги ортофотопланда кўринганидек

(5в-расм), ушбу дарвоза Фаробий ва Чиғатой Дарвоза кўчаларининг кесишмасида жойлашган бўлар эди.

Сағбон дарвозаси

Сағбон дарвозаси подпоручик Колесниковнинг 1865-1866 йилги харитасида

Чорсу бозоридан шимолга кетадиган йўл Сағбон дарвозаси орқали ўтган. Колесниковнинг харитасида (6а-расм) ўша йўл вертикал сариқ чизиқ билан белгиланган.

Агар шу чизиқни 1977 йилги топографик планга тушурсак (6б-расм), XXасрнинг иккинчи ярмида мазкур йўл Сағбон кўча деб аталганлиги маълум бўлади.

Бугунги кундаги ориентирларга нисбатан Сағбон дарвозаси Нурафшон айланма ва Сағбон кўчаларининг кесишмасидан 100 метр шимолда жойлашган бўлар эди.

Қорасарой дарвозаси

Қорасарой дарвозаси (чапдан юқори бурчакда) ва Тешик-қопқа (ўнгда) ўтиш жойи подпоручик Колесниковнинг 1865-1866 йиллардаги харитасида

Қорасарой дарвозаси шаҳарнинг энг шимолий нуқтасида жойлашган эди. Колесниковнинг харитасида (7а-расм) кўриниб турибдики, йўл тўғри чизиқ бўйлаб шимолга тик йўналган бўлса-да (сариқ чизиқ билан кўрсатилган), дарвоза йўл ўқида жойлашмаган. Балки бу шаҳар мудофаасини таъминлаш билан боғлиқдир.

1977 йилги топопланда (7б-расм) мазкур йўл Қорасарой кўчаси деб номланган. Бугунги кунда дарвоза Қорасарой ва Зиёвуддин Бобохон кўчаларининг кесишмасида жойлашган бўлар эди.

Қорасарой дарвозасидан 430 метр шарқда қалъа деворидан ўтиш жойи – Тешик-қопқа жойлашган эди (7а-расм). Тешик асосан зарурат туғилганда очилган: қалъадан ташқарида қабристон бор эди. Аммо у дарвоза мақомига эга бўлмаган.

Тахтапул дарвозаси

Тахтапул дарвозаси подпоручик Колесниковнинг 1865-1866 йилги харитасида

Тахтапул дарвозаси Калковус ариғи устидаги кўприкдан шимолроқда жойлашган эди. Колесников харитасига кўра (8а-расм) дарвозадан шаҳар ташқарисига уч томонга йўл кетган.

1977 йилги топопланда (8б-расм) йўллар ва кўчалар конфигурацияси ҳамда чорраҳанинг жойлашуви қисман сақланиб қолган.

2019 йилга келиб (8в-расм), жойнинг кўриниши 1866 йилдагидан тубдан фарқ қилади. Шу билан бирга, хариталарнинг фрагментидан ташқари уларни тўлиқ солиштириш ҳисобига ҳам дарвозанинг ўрнини аниқлаш мумкин.

Бугунги кунда ушбу дарвоза Нурафшон, Аҳмад Дониш, Тахтапул Дарвоза, Тахтапул ва Себзор кўчаларининг кесишмасида жойлашган бўларди.

Лабзак дарвозаси

Лабзак дарвозаси подпоручик Колесниковнинг 1865-1866 йилги харитасида

Лабзак дарвозаси Анҳор каналининг ўнг қирғоғида жойлашган эди (қирғоқ дарёнинг оқими бўйича аниқланади). Колесниковнинг харитасида (9а-расм) Лабзак дарвозасига олиб чиқадиган кўча 1912 йилги харитада ҳам (9б-расм), 2019 йил ортофотопланда ҳам (9в-расм) сақланиб қолган.

Бундан ташқари Минор қабристони ичидаги йўлакча (ўнгда паст бурчакдаги сариқ чизиқ) иккала эски хариталарда кўча сифатида кўрсатилган. Объектнинг уччала харитада мавжудлиги хариталарни Лабзак дарвозаси яқинида бир-бирига аниқроқ боғлашга ёрдам берди.

Яна бир қизиқ маълумот: Колесников харитасида Лабзак ариғи Анҳордан бошланадиган қилиб кўрсатилган ва бу ҳақида бошқа манбаларда ҳам ёзилган, аммо кейин тузилган хариталарда Лабзак ариғи анча пастроқдан бошланади.

Қашғар дарвозаси

Қашғар дарвозаси подпоручик Колесниковнинг 1865-1866 йилги харитасида

Колесников харитасида (10а-расм) Қашғар дарвозаси қалъа мудофаа истеҳкомларидан бирининг жанубий қисмида турибди. Қалъа ичидан чиқувчи йўллардан бири сариқ чизиқ билан кўрсатилган, ва йўл Тошкентдан 24 км шимоли-шарқда жойлашган Ниёзбек қалъасига олиб борган. Бугунги кунда ҳам ушбу йўл Ниёзбек йўли кўчаси дейилади (10б-,10в-расмлар).

Қашғар дарвозасининг 1890 йилги харитада (10б-расм) жойлашган ўрнини аниқлаш учун сариқ чизиқ билан белгиланган йўл траекториясини иккала харитада солиштирдик.

Сариқ чизиқ тугаган жойда 1890 йил харитасида қора рангга бўялган бинолар жойлашганини кўрамиз. Ушбу биноларнинг жойлашган ўрни Колесников харитасида кўрсатилган Қашғар дарвозаси ўрнига тўғри келади. Бу факт иккала харитани географик боғлаганда ҳам тасдиқланди.

Шундай қилиб, дарвозанинг жойи 1890 йилги харитада ҳам аниқланди. Энди дарвозанинг жойлашувини бугунги кундаги объектларга нисбатан ҳам аниқлаб олишимиз керак.

1890 йилги харитада кўрсатилган қамоқхона ёнидаги икки бино эътиборимизни тортди. Мазкур бинолардан бири бугунги кунда ҳам мавжуд (10в-расм) ва унгача дарвоза ўрнидан масофа 365 метрни ташкил қилади.

Шундай қилиб, 1890 йилги харитада дарвозадан мазкур биногача масофани ўлчаган бўлсак, 2019 йилги ортофотопланда шунинг тескарисини, яъни мавжуд бинодан ўша йўналишда 365 метр масофа ўлчаб, Қашғар дарвозасининг бугунги кундаги жойини аниқладик.

Аниқлашимизча, Қашғар дарвозаси Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб, Қиёт (Ц-5) мавзесидаги 16 қаватли 2а-уй ёнида бўлар эди.

Қўқон дарвозаси

Қўқон дарвозаси подпоручик Колесниковнинг 1865-1866 йилги харитасида

Қўқон дарвозаси Ўрдадан узоқ бўлмаган жойда, Човли ариғининг чап қирғоғида жойлашган бўлган. Дарвозадан Фарғона водийсига йўл кетган. Подпоручик Колесниковнинг харитасида (11а-расм) кейинги хариталар билан айнан мос тушадиган объектлар йўқ.

Аммо прапоршик Васильевнинг 1870 йилги харитасида (11б-расм) Қўқон дарвозасидан ташқари бугунги кунгача сақланиб қолган бино (чапдаги юқори бурчакдаги қизил чизиқ) ва Амир Темур хиёбони маркази акс эттирилган.

Бу объектлар бизга Қўқон дарвозасининг бугунги кундаги ориентирларга нисбатан жойлашувини аниқлашга ёрдам берди: дарвоза ҳозирда Истиқлол кўчасида, Hyatt меҳмонхонасидан жануброқда жойлашган бўларди.

Қўймас дарвозаси

Қўймас дарвозаси подпоручик Колесниковнинг 1865-1866 йилги харитасида

Қўймас дарвозаси (Қатағон, Қирилмос) Анҳорнинг чап қирғоғида, Ўрдадан жануброқда жойлашган эди.

Колесников харитасида (12а-расм) 1866 йилда қурилган янги рус қалъасининг дарвозаси кўрсатилган. Маълумот ўрнида: ушбу қалъанинг дарвозаларидан бири бугунги кунда ҳам сақланиб қолган – у «Юнус Раджабий» маҳалласида жойлашаган. 1977, 1992 ва 2005 йилги топопланларда рус қалъаси қолдиқлари ўз аксини топган. Юқоридаги хариталарда рус қалъаси қолдиқлари сариқ чизиқ билан кўрсатилган.

Яна ҳисоб-китобларга қайтамиз. Колесниковнинг харитасида (12а-расм) янги рус қалъаси олтибурчак шаклида тасвирланган. Қалъа бўйлаб Месяцев, Хмелёв ва Обух дарвозалари белгиланган. Колесников харитасида кўрсатилган қалъа ичидаги режалаштириш амалга ошмай қолган. Масалан, харитада хоч билан белгиланган черков қурилмай қолган.

Бундан ташқари, Колесников харитасида Тошкентнинг янги кварталида черков ёнида уй белгиланган (12а-расмнинг ўнг томонида юқори бурчакда). Худди шу уй 1890 йилги харитада ҳам (12б-расм) тасвирланган.

Шундай қилиб, «Юнус Раджабий» маҳалласида жойлашган рус қалъаси дарвозасининг ва черков яқинидаги уйнинг аниқ жойлашувини биламиз. Уларга асосланиб, Қўймас дарвозасигача бўлган масофани аниқлаймиз. Масофа тегишлича 420 ва 250 метрни ташкил қилади.

Бугунги кунда Қўймас дарвозаси Анҳор бўйида Сенат биносининг жанубий томонидан 150 м масофада жойлашган бўлар эди (12в-расм).

Қалъа деворларининг дарвозалар орасидаги узунлиги

Бешёғоч – Тешик

955 м

Тешик – Камолон

541 м

Камолон – Самарқанд

999 м

Самарқанд – Кўкча

1542 м

Кўкча – Чиғатой

2353 м

Чиғатой – Сағбон

909 м

Сағбон – Қорасарой

1038 м

Қорасарой – Тешик-қопқа

486 м

Тешик-қопқа – Тахтапул

1030 м

Тахтапул – Лабзак

1651 м

Лабзак – Қашғар

1373 м

Қашғар – Қўқон

1247 м

Қўқон – Қўймас

1416 м

Қўймас – Бешёғоч

1818 м

Қалъа деворининг умумий узунлиги

17 358 м

Ўрданинг жойлашган жойи

Шу ўринда Тошкент тарихида муҳум ўрин эгаллаган Ўрданинг жойлашуви тўғрисида маълумот беришни жоиз деб билдик. Бугунги кунда Ўрда деганда Анҳорнинг ўнг қирғоғидаги Алишер Навоий ва Абдулла Қодирий кўчалари орасидаги ҳудуд тушунилади. Ҳаттоки 1912 йилда чоп этилган хариталарда ҳам Ўрда Анҳорнинг ўнг қирғоғида кўрсатилган.

Аммо, энди биз аниқ биламизки, Ўрда Анҳорнинг чап қирғоғида бўлган: жанубда Мустақиллик монументи ва Тасвирий санъат галереясигача (Буюк Турон кўчаси, 2 уй) ва шимолда «Туркистон» концерт залигача бўлган ҳудудни эгаллаган.

Тошкент шаҳри қалъаси дарвозаларини тиклаш 2021 йил учун Давлат дастурида пойтахт ҳокимлиги олдига қўйилган вазифалардан биридир.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан