Тошкентнинг бешта туманида давлат солиқ инспекцияларига янги раҳбарлар тайинланди

Тошкентнинг бешта туманида давлат солиқ инспекцияларига янги раҳбарлар тайинланди

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Сергели, Шайхонтоҳур ва Бектемир туманлари давлат солиқ инспекцияларида янги раҳбарлар иш бошлади, дея хабар қилди Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Кабиров Наим Ноёбович Мирзо Улуғбек тумани ДСИ бошлиғи этиб тайинланди. У (1969 й. т.) Тошкент давлат университети (1997) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (2009) тамомлаган. Солиқ тизимидаги меҳнат фаолиятини 1993 йилда Оққўрғон тумани ДСИда инспекторликдан бошлаб, янги лавозимга тайинлангунига қадар Фарғона вилояти ДСБ бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Махмадустов Жалол Махмадустович Юнусобод тумани ДСИ бошлиғи этиб тайинланди. Ж.Махмадустов (1973) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (1996 й. т.) ҳамда Тошкент давлат юридик институтини (2007) тамомлаган. У солиқ тизимида 1996 йилдан буён фаолият кўрсатиб, Тошкент шаҳри туманлари инспекцияларида турли лавозимларда самарали меҳнат қилган. 2018 йил сентябрь ойидан шу кунга қадар ДСҚнинг Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Эргашов Жамшид Ашурович Сергели тумани ДСИ бошлиғи этиб тайинланди. Ж.Эргашов (1981 й. т.) Термиз давлат университетини (2003), Ўзбекистон Миллий университетини (2005) ва Банк-молия академиясини (магистратура — 2001) тамомлаган. У 2007−2014 йилларда Сурхондарё вилояти давлат солиқ хизмати органларида фаолият юритиб, янги лавозимга тайинлангунига қадар Молия вазирлигининг Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаментида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Мулладжанов Хожиакбар Хамидович Шайхонтоҳур тумани ДСИ бошлиғи лавозимига тайинланди. Х.Мулладжанов (1988 й. т.) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (2010) тамомлаган. У меҳнат фаолиятини 2014 йилдан Тошкент шаҳри Ғазначилик бошқармаси Шайхонтоҳур тумани бўлимида инспекторликдан бошлаб, янги лавозимга тайинлангунига қадар Яккасарой тумани Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган.

Давлатов Илхомжон Гуламжанович Бектемир тумани ДСИ бошлиғи этиб тайинланди. И.Давлатов (1986 й. т.) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (2011) ва Банк-молия академиясини (магистратура — 2018) тамомлаган. У меҳнат фаолиятини 2011 йилда Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасидан бошлаб, янги лавозимга тайинлангунига қадар ушбу жамғарманинг Олмазор тумани бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келган.

4