8 июндан бошлаб «қизил» ҳудудлардан ташқари ҳудудларда жамоат транспорти, хусусан автобуслар ҳаракатига рухсат берилмоқда. Энг кўп жамоат транспортини жамлаган «Тошшаҳартрансхизмат» тарқатаётган ишга таклиф қилувчи эълонларда бундан буён ҳайдовчилар ва чипта тарқатувчилар учун кунлик режа тушуми бекор қилингани билдирилди.
Шунингдек, жамият ходимлар нафақат «план» ташвишидан қутулишлари, балки 15 кунлик иш учун ҳайдовчиларга 3 млн сўм, чиптачиларга эса 1 млн 800 минг сўм ва ундан юқори маош берилишини ваъда қилган.
Маълумотларга кўра, 22 мартдан буён тўхтаб қолган жамоат транспорти энди қатъий жадвал асосида ҳаракатланиши, ҳайдовчиларнинг ишга вақтида келишлари жиддий назорат қилинади. Шунингдек, автобуслар биринчи ва охирги бекатларда тўлиқ дезинфекция қилинади, уларда ишловчи ходимлар ҳам иш жараёнида фақат ниқоб ва қўлқопларда бўлишади.