Трамп губернаторлар вазиятни эплолмаса, штатларга армияни киритишини айтди

Трамп губернаторлар вазиятни эплолмаса, штатларга армияни киритишини айтди

Фото: AFP

Оқ уй ташқарисида намойиш бўлаётган бир пайтда АҚШ Президенти Доналд Трамп ичкаридан халққа мурожаат қилди. Унинг айтишича, мамлакат бўйлаб ирқчиликка қарши бўлаётган намойишларда террор ҳаракатлари содир этилмоқда.

Америка овози нашрининг ёзишича, Трамп ўзини «қонун ва тартиб президенти» деб атаб, ғалаён ва қонунсизликни тугатишда штат ва шаҳар маъмурлари ожизлик қилса, ҳарбийларни сафарбар этишини айтган.

«Бугун ҳар бир губернаторга Миллий Гвардия қўшинларини зарур миқдорда жалб қилиб, кўчаларда ҳоким бўлишни қаттиқ тайинладим. Мерлар ва губернаторлар зўравонликлар тинмагунча ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларини катта сонда кўчага олиб чиқиши керак. Агар бирорта шаҳар ёки штат аҳоли мулки ва ҳаётини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришдан бош тортса, мен муаммони тез ҳал қилиш учун АҚШ қуролли кучларини у ерга киритаман», - деди Трамп.

Мурожаатдаги жанговар оҳангга қарамай, Трамп «Исён ҳақидаги қонун»ни ҳаракатга келтирмади. 1807 йилда қабул қилинган ҳужжат давлат раҳбарига губернатор илтимосисиз штатларга мунтазам қўшинларни киритиш ҳуқуқини беради.

25 май куни Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи Жорж Флойд исмли қора танлининг қўлига кишан солиб, уни ерга ётқизади ва саккиз дақиқадан кўп вақт давомида тиззасини бўйнига тираб туради. Натижада Флойд жон беради. Мамлакат бўйлаб ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши намойишлар бошланиб кетади. Баъзи жойларда тинч намойишлар зўравонлик, талон-торожга айланиб кетмоқда.

Флойд кўрмаган адолатни тиклашга ваъда берган Трамп ўз мурожаатида ирқчилик ёки полиция зўравонлигини тилга олмади.