Трамп кетишидан олдин оиласини афв этишни режалаштирган

Трамп кетишидан олдин оиласини афв этишни режалаштирган

АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп давлат раҳбари лавозимидан кетишидан олдин бир қатор шахсларни, шу жумладан фарзандлари ва адвокатини ҳам афв этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берган. 

Манбага кўра, Америка раҳбари ўз оиласи ва шерикларини келажакда уларга "боғлаб қўйилиши" мумкин бўлган жиноятлар учун олдиндан кечириши эҳтимоли бор. 

Аввалроқ, Дональд Трампнинг ўзи ҳамда уч фарзандининг “The Trump Ogranization”даги фаолияти уларни жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. 

Кейинчалик Трамп ўз маслаҳатчилари билан фарзандлари, куёви ва шахсий адвокати Руди Жулианини сайловдаги рақиби Жо Байдендан ҳимоя қилиш имкониятларини муҳокама қилганди.

Маълумот учун, Трамп аллақачон бир неча кишини, жумладан, давлат раҳбарининг Миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинни афв этиш тўғрисида қарор имзолаган. 

2017 йилда Майкл Флинн Россиянинг ўша вақтда Вашингтондаги элчиси бўлиб ишлаган Сергей Кисляков билан учрашуви тўғрисида ФҚБга ёлғон маълумот берганини тан олган. ФҚБ ходимлари Флинндан у дипломат билан Россияга қарши санкциялар жорий этилишини муҳокама қилган ёки қилмагани ҳақида сўраган. Трампнинг маслаҳатчиси эса муҳокама қилмаганини айтиб ёлғон сўзлаган.

Майкл Флинн 2017 йилнинг 20 январидан 13 февралига қадар Трампнинг маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.