Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Трамп портлатмоқчи бўлган Эроннинг маданий ёдгорликлари (фото)
9.01.2020 08:53,  
4896

Яқинда АҚШ президенти Доналд Трамп агар зарур бўлса, Эрон ва форс маданияти учун қадрли бўлган 52 та объектга ҳужум қилиши ҳақида маълум қилган эди.

5000 йиллик маданий бойликлари ва 20 дан ортиқ UNESCO’нинг бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига кирувчи тарихий қадамжолари, такрорланмас меъморий ечимлари билан машҳур. Ушбу бойликлар нафақат Эрон халқларининг, балки бутун инсониятнинг ҳам маданий мероси ҳисобланади. Қуйида улардан айримлари билан таништирамиз.

Персеполис

Қадимги форс пойтахти Персеполис

Эрон археологик тожининг марвариди: мил. авв. VI асрга бориб тақаладиган меъморий мажмуа ўзининг улкан зинапоялари, мармар саройлари ва ибодатхоналари билан машҳур. Шаҳар кўплаб истилочилар томонидан эгалланган. Забт этишлар Александр Македонскийдан бошланган бўлса-да, ҳануз буюк Аҳамонийлар империясига оид буқалар, шерлар ва бошқа афсонавий мавжудотларнинг тимсоллари сақланиб қолган ва ташриф буюрувчиларини ҳайратга солиб келмоқда. Персеполис 1979 йилда UNESCO маданий мерос рўйхатига киритилган.

Шоҳ Чироғ мақбараси, Шероз

Шоҳ Чироғ сўзининг маъноси “Ёруғ шоҳ” бўлиб, бундай номланишига арзирли сабаб бор. Ташқаридан қараганда мақбаранинг ичи мураккаб дизайнли, ойна билан қопланган мозаикадан иборат ва у ички тарафни ёрқин қилиб кўрсатади. Мақбара XIV асрда малика Таши Хотун томонидан Аҳмад ибн Мусо қабри устида қурилади. Малика томонидан меъморий обидага олтин суви юритилган ўттиз жилдлик ноён Қуръон Карим нусхаси ҳадя қилинади. Малика қурдирган бинолардан асар ҳам қолмаган бўлса-да, у тортиқ қилган муқаддас китоб нусхаси сақланиб қолган. У ҳозирда Шероздаги Форс музейида сақланади.

Исфаҳон кўприклари

Эроннинг қадимий пойтахти Исфаҳон XVII асрда қурилган кўприкларининг гўзаллиги ва нафислиги билан ташриф буюрувчиларини ҳайратлантириб келади. Узунлиги 137 метр бўлган Хажу кўприги Сафавий подшоҳ Аббос II даврида қурилган. Кўприк айни пайтда Заяндеруд дарёси сувини бошқариш имконини берадиган тўғон ҳамдир.

Шайх Лутфулло масжиди, Исфаҳон

У шаҳардаги энг катта масжид бўлмаслиги мумкин, лекин у жуда ажойиб тарзда безатилган. Чунки у кенг омма учун эмас, балки сарой аҳли учун бино қилинган. Унинг ички қисми дунёнинг ҳеч бир еридан топиб бўлмайдиган нақшлар билан безатилган, айниқса, масжид гумбази ўзида миллионлаб соатлик меҳнат ва эътиборни мужассамлаштиради.

Машҳаддаги Имом Ризо мажмуаси

Машҳад Эроннинг энг муқаддас шаҳарларидан бири бўлиб, у ерга йилига 25 миллион сайёҳ ташриф буюради. Имон Ризо шиаларнинг 12 имомидан биридир. Мажмуа Гохаршад масжиди, музей, кутубхона, 4 та семенария, Ризовий ислом илми университети, улкан ибодат заллари ва бошқаларни ўз ичига олади. У шиа Эронининг юраги ҳисобланади.

Пасаргад

Аҳамонийлар давлатининг биринчи пойтахти подшоҳ Кир томонидан қурилган. Форсчадан таржима қилинганда “Форс боғлари” маъносини беради. Эронийлар унинг меъморий ечимини Ҳиндистондаги Тож Маҳал ҳамда Испаниядаги Ал-Ҳамро мажмуаси қурувчиларига илҳом бағишлаган деб ҳисоблашади. У 2004 йилда UNESCO рўйхатига киритилган.

Дониёл пайғамбар мақбараси

Дониёл пайғамбар нафақат мусулмонларнинг, балки христианларнинг ҳам пайғамбари саналади. Унинг номи Библияда ҳам зикр этилган. Мақбаранинг ўзига хослиги унинг гумбази бўлиб, у анъанавий ислом меъморчилигидан фарқли ўлароқ конуссимон шаклда барпо қилинган.

Зиёратгоҳнинг сайёҳлар орасида машҳурлигига қарамай, Дониёл пайғамбарнинг мақбараси дунёнинг яна кўплаб мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонда ҳам мавжуд.

Бам қалъаси

Эрамиздан аввалги VI асрга оид дунёдаги энг катта бино. Майдони 180 минг квадрат метрни ташкил этадиган қалъа 2004 йилда UNESCO бутунжаҳон маданий мерос рўйхатига киритилган.

Султония шаҳри

Шаҳарга мўғуллардан бўлган Элхонийлар асос солишган. Занжан вилоятида жойлашган Султония Форс меъморчилиги ютуқларининг энг яхши намуналаридан бири ва унинг Ислом меъморчилигидаги муҳим ёдгорлигидир. Шаҳардаги Олжайту мақбараси гумбази Эрондаги икки қаватли гумбазларнинг энг қадимгисидир. Бинонинг ўзи саккиз қиррали бўлиб, 50 метр узунликдаги гумбаз билан безатилган. Мақбара атрофи 8 та минора билан ўралган. Уни ўрганган олим Артур Поуп унга “Тож Маҳални кутаётган” дея таъриф беради. 2005 йилда UNESCO бутунжаҳон маданий мерос рўйхатига киритилган.

Буюк қомусий олим, Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек 1394 йилнинг 22 мартида айнан шу шаҳарда таваллуд топган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан