Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Трамп сайловларда мағлубиятга учраса, натижани тан олмоқчи эмас (видео)
25.09.2020 10:31,  
635

АҚШ президенти Доналд Трамп ноябрдаги сайлов натижаларини тан олмаслиги эҳтимоли юқори. Журналистлар ундан, «агар сайловда ютқазсангиз, натижани тан оласизми», деб сўраганда, «нима бўлишини ўшанда кўрамиз», деб жавоб берди.

Қисқа қилиб айтганда, у мағлубиятга учраса, сайлов натижасини тан олишдан бош тортмоқда.

Партиядошлари Трампни бу изоҳи учун кескин танқид қилди. Сенатдаги сенаторлар (уларнинг аксарияти республикачи) сайлов натижалари тан олинишини ва амалдаги президент ютқазса, ҳокимият тинч йўл билан топширилишини ёқловчи резолюция қабул қилди. Бу, албатта, янги қонун эмас; шунчаки, Трамп изоҳларини қораловчи бир баёнот.

The Washington Post колумнисти Фарид Закариянинг ёзишича, Трамп сайловда ютқазган тақдирда ҳам, конституцияни бузмаган ҳолда яна тўрт йил президентликда қолиши мумкин. Қандай қилиб?

АҚШда сайлов тизими жуда мужмал. Президент тўғридан тўғри оммавий овоз бериш йўли билан сайланмайди, балки уни электорлар ҳайъати (electoral college) сайлайди. Оддий фуқаролар сайлов бюллетенида президентлик учун номзодга овоз берса ҳам, аслида электорларни, яъни президентни танловчи вакилларни сайлаётган бўлади. Аҳолиси сонига қараб, штатларга турли миқдордаги электорлар тақсимланган.

Одатда, сайловда қайси номзод аҳолидан кўп овоз олса, электорлар ўша номзодни президентлик учун танлайди. Аммо назарий жиҳатдан, улар фикрини ўзгартириб, иккинчи номзодни ҳам танлаши мумкин; чунки бу нарса Конституцияда ёки федерал қонунда тақиқланмаган.

Масалан, Трамп сайловда фирибгарликлар юз берганини даъво қилиб, сайлов натижасини тан олмаса ва можаро юзага келса, электорлар кимни танлаши масаласини штат қонун чиқарувчи органи ҳал қилади. 9 та муҳим штатнинг саккизтаси республикачилар қўлида. Улар Трампни танлаши мумкин. Демократ округлар электорлари эса Байденни танлаши мумкин.

Сўнгги сўзни Конгресс айтади. Яъни Конгресс барча электорлар сонини санаб чиқади. Келишмовчилик чиққан штатларда электорлар иккига бўлиниб қолгани боис, ҳеч бир номзод минимум 270 та электор йиға олмаслиги мумкин.

Натижада сўнгги ҳал қилув қарорини Конгресснинг Вакиллар палатаси қабул қилади. Унда ҳар бир штат битта овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади. Республикачилар ҳукмрон штатлар сони демократларникидан кўпроқ экани ҳисобга олинса, Трампнинг овозлари сони ортиб кетади. Қарабсизки, сайловда ютқазса ҳам, Трамп яна тўрт йил президентликда қолиши мумкин.

Хуллас, АҚШ сайлов тизимидаги архаик ва мужмал электорат тизими шундай бошоғриқларни келтириб чиқариши эҳтимоли бор. Бу бир тахмин. 3 ноябрда бўладиган сайловда кимнинг ғолиб чиқиши ҳозирча номаълум, лекин битта нарса аниқ: Доналд Трампдан ҳар нарсани кутиш мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан