Трамп TikTok'ка қарши. АҚШ ва Хитой ўртасидаги технологик лидерлик кураш қандай кетяпти

Трамп TikTok'ка қарши. АҚШ ва Хитой ўртасидаги технологик лидерлик кураш қандай кетяпти

Асосан ёшлар қисқа видеолар жойлайдиган, турли хил челленжлар ўтказадиган Хитойнинг TikTok иловаси Вашингтон ва Пекин ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршилик марказига айланди. Бу ҳолат икки кучли держава ўртасидаги жуда жиддий технологик рақобатнинг кичик бир кўриниши. Бугун TikTok'нинг Америкадаги активларининг баланд нархда сотилиши, ижтимоий тармоқ АҚШ ҳукуматини нега ташвишлантираётгани ва келажакда ушбу вазият бошқа компания билан ҳам содир бўлиш эҳтимолини таҳлил қиламиз.

АҚШ маъмурлари анчадан бери TikTok'нинг мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солишидан ташвишланиб келади. Вашингтон илованинг америкаликлар, жумладан вояга етмаган ёшлар ҳақида ахборот тўплашини ва тўпланмаларни Хитой ҳукуматига беришини гумон қилади. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ Хитойдаги уйғурларнинг ҳолати ва Гонконгдаги норозилик намойишлари ҳақидаги видеоларни яшириб ўзини цензурага оид можароларга тутиб берди. TikTok буни фойдаланувчилар орасида оммалашган видеоларни трендга чиқарадиган алгоритмнинг ўзига хос хусусияти билан тушунтиришга ҳаракат қилди. Таъкидланишича, ёшлар сиёсий ва юқори даражада ижтимоий видеоларни эмас, балки кўнгил очар контентни кўришга кўпроқ қизиқмоқда.

ByteDance ширкати (TikTok эгаси) ҳам расмий Пекин билан қандайдир боғлиқлиги ҳақидаги маълумотни бир неча бор рад этди.

Хитойдаги TikTok'нинг аждоди Doyin деб аталади ва у ўхшаш хизматга эга бўлса-да, фақат хитойларга мўлжалланган алоҳида илова саналади. Шу сабабли, компания вакилларининг фикрига кўра, чет эллик фойдаланувчиларнинг маълумотларини Хитой расмийлари олишлари мумкин эмас.

Бироқ, TikTok раҳбариятининг кафолатлари Вашингтонни тинчлантирмади. Яқинда АҚШ Пекинни сайлов кампаниясига аралашишда, авваламбор Интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда айблади. Июл ойи охирида Президент Доналд Трамп Қўшма Штатларда TikTok'ни тақиқлашга қарор қилди ва 15 августда ByteDance'ни Америка ҳудудидаги барча ижтимоий медиа активларидан воз кечишга мажбур қилувчи фармонни имзолади.

Хизматни блокировка қилмаслик учун Трамп, уни Америка компаниясига сотишни таклиф қилди, акс ҳолда тақиқланиши билан таҳдид қилиб. Дастлаб, ByteDance Microsoft билан музокаралар олиб борди, аммо тез орада маълум бўлишича, АҚШ президенти TikTok'нинг бир қисмини Oracle ва Walmart томонидан сотиб олишга рухсат берган.

Трампнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқнинг Америка сегменти "Хитой билан боғлиқ бўлмайди", ўз номини сақлаб қолади ва Техас штатида жойлашган бўлади.

ByteDance TikTok Global шўба корхонасини яратиш орқали бутун TikTok бизнесининг 80 фоизини сақлаб қолади. TikTok Global кенгаши таркибига ByteDance директорлар кенгашининг асосчиси ва амалдаги раиси, шунингдек Walmart компаниясининг бош директори киради.

"Амалдаги схема бирон бир алгоритм ёки технологияни узатишни назарда тутмайди", - дейилади ByteDance баёнотида. "Oracle фақат Қўшма Штатлардаги TikTok'нинг хавфсизлик манба кодини кўриб чиқиш ваколатига эга". 

АҚШ Савдо вазирлиги матбуот хизмати Oracle барча америкалик фойдаланувчиларнинг "асосий технологиялар ва шахсий маълумотлар хавфсизлиги учун жавобгар бўлади", деб айтди.

Санкциялар сиёсати

TikTok билан бўлган вазият АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддиятларнинг сўнгги мисолларидан биридир. Томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар савдо муносабатлардан бошланди ва кейинчалик вазият COVID-19 туфайли янада мураккаблашди. Вашингтон вирус тарқалишида Пекинни тўлиқ айбламоқда. Июл ойи охирида АҚШ Хитой дипломатларини жосусликда айблаб, Хьюстондаги ХХР консуллигини ёпди. Бунга жавобан Хитой томони Чэндудаги Америка дипломатик ваколатхонаси ишини тўхтатди. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Гонконгдаги норозилик намойишларини қўллаб-қувватлади, Жанубий Хитой денгизига кемалар жўнатди ва Тайванга делегатсия юборди, бу эса Пекинни янада безовта қилди.

"Амалдаги маъмурият Си Цзинпин ҳукумати АҚШ миллий хавфсизлигига ҳақиқий таҳдид солаётганига мутлақо ишонади", дея Time журнали киберхавфсизлик сиёсати ва Хитойнинг рақамли иқтисодиёт бўйича мутахассиси, New America ўйлагич маркази мутахассиси Сэм Сакснинг сўзларини келтиради.

Август ойи бошида Трамп Хитойнинг Интернет-гиганти Tencent ва унинг шўба компанияларига, жумладан WeChat ижтимоий тармоғига Америка ҳудудида операциялар ўтказишни тақиқлади. WeChat'га ҳам TikTok'ники билан деярли бир хил айбловлар қўйилмоқда: маълумотлар йиғиш, жосуслик, ХХР расмийлари билан ҳамкорлик.

Американинг санкциялар майдончаси Huawei орқали ҳам ўтди, у ҳам чекловларга тушиб қолди. 2019 йилда Қўшма Штатлар Америка давлат идораларига ZTE ва Huawei ускуналарини сотиб олиш ва улардан фойдаланишни тақиқлади.

5Gни қабул қилиш бўйича глобал етакчи бўлишига қарамай, Вашингтон жами 152 та тегишли бизнесни қора рўйхатга киритди. Шунингдек, АҚШ Huawei'га Huawei маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган Америка технологиялари ва дастурларини, шу жумладан учинчи мамлакатлар орқали ҳам олишни тақиқлади. Трамп бу қарорни яна Хитой жосуслигига қарши кураш билан боғлади.

Далилларнинг етишмаслигига қарамай, АҚШнинг Huawei ҳақидаги хавотирларини оқлаш TikTok'ка қараганда анча осонроқ. Аввало Huawei хорижий ҳудудларда юқори технологияли ускуналардан фойдаланганлиги бунга сабаб. Аммо TikTok қай даражада хавфли?

Асл сабаблар

"Ҳақиқат шундаки, Трамп маъмурияти биринчи навбатда тижорат мақсадларида ишлайди, - дейди Халқаро алоқалар кенгашининг киберхавфсизлик бўйича мутахассиси Адам Сегал, — TikTok - бу ҳақиқатан ҳам глобал миқёсга чиққан Хитойнинг биринчи ижтимоий тармоғи".

Мутахассиснинг сўзлари билвосита тасдиқлаши мумкинки, Қўшма Штатлар аслида Хитой жосусларидан қўрқмайди, балки технологик пойгада ютқазишдан қўрқади. Хитой матбуоти Америка томонининг хатти-ҳаракатларини мана шундай тушунтиради, Вашингтон тўғридан-тўғри рақибларни йўқ қилиш билан очиқ шуғулланаётганига ишора қилади.

"Бу куппа-кундузи ўғирлик! Президент Трамп қандай қилиб бир пайтлар буюк бўлган Американи Крузонинг кимсасиз оролига айлантираётганини дунё кўриб турибди, Худо кўриб турибди", - деб ёзган эди Хитойнинг Global Times нашри бош муҳаррири Ху Хижин Twitter'да TikTok сотуви содир бўлиши ҳақидаги хабарга изоҳ бериб. 

Сўнгги йилларда Қўшма Штатларнинг Хорижий инвестициялар бўйича қўмитаси Хитойни Америка стратегик активларидан узоқлаштириш учун тобора кўпроқ ҳаракат қилмоқда. Трамп маъмурияти, шунингдек, АҚШ биржаларида молиявий маълумотларини тўғри ошкор қилмайдиган хитойлик фирмаларга тақиқ қўйиш билан таҳдид қилмоқда.

Хитой томони ҳам ўз бозорларини Америка таъсиридан ҳимоя қилиш учун кўп ҳаракатларни амалга оширмоқда, Facebook, Twitter, Google ва бошқа кўплаб АҚШ гигантларининг Хитой бозорига киришига тўсқинлик қилмоқда. Ҳеч бир томон бошқасига бўйсунишни ният қилмаслиги шубҳасиз. 

Асосий савол, иқтисодиёти ҳали ҳам бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган иккита энг қудратли жаҳон кучлари ўртасидаги технологик қарама-қаршиликлар қанчалик узоққа боради?

Узоқ муддатли курашга тайёргарлик

Адам Сегал Foreign Affairs учун ёзган мақоласида айтишича, АҚШнинг ҳозирги маъмурияти сўнгги уч ярим йил ичида синов ва хатолар натижасида шаклланган Хитой билан технологик қарама-қаршиликнинг кенг қамровли стратегиясини якунламоқда. Сегалнинг сўзларига кўра, бу бизга Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатларнинг тахминий схемаларини тушунишга имкон беради, улар ўзгариши мумкин эмас, ҳатто Оқ уйга бошқа биров келса ҳам.

"Ушбу сиёсат Хитойга технологияларнинг кириб келишини чеклаш, глобал ишлаб чиқариш ва экспорт занжирларини қайта қуриш ва ўз мамлакатларида янги технологияларга сармоя киритишга асосланган", - деб ёзади эксперт.

Бу борада шунга ўхшаш стратегия Пекинда пайдо бўлди. Америкалик етказиб берувчилар ва чипларга қарам бўлмаслик учун Хитой ўз яримўтказгичларини фаол равишда ривожлантирмоқда. Шу мақсадда ХХР ўз корхоналарига фаол сармоя киритмоқда ва чет эллик мутахассисларни, шу жумладан етакчи компаниялардан тайванлик муҳандисларни ёлламоқда.

Ўтган йил баҳорида Бутун Хитой Халқ Конгресси беш йиллик режасини эълон қилди, унда мунитсипалитетлар, вилоятлар ва компаниялар сунъий интеллект, маълумотлар марказлари, 5G, саноат Интернети ва бошқа янги технологиялардан фойдаланган ҳолда "янги инфратузилма" га тахминан 1,4 триллион доллар сармоя киритадилар. Технологик устунлик пойгаси кичик бошланғич ташкилотларни ҳам, Хитой ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган йирик компанияларни ҳам қамраб олади.

Масалан, Huawei Google Mobile Services Ҳуаwеи хизматига муқобил мобил экотизимни яратиш учун ишлаб чиқувчиларни қўллаб-қувватлаш дастурига келаси беш йил ичида 1,5 миллиард доллар сармоя киритишини маълум қилди. ХХРнинг ҳаракатларини технология соҳасида тўлиқ импорт ўрнини босиш бўйича иш деб таърифлаш мумкин.

Ҳар қандай тўқнашувда бўлгани каби, мусобақадан ким ғолиб чиқишини тахмин қилиш қийин, аммо яқин келажакда Хитой ва АҚШ ўртасидаги рақобат тенденциялари кучайиши аниқ. Буларнинг барчаси иқтисодий ўзаро таъсир қилади ва бутун дунёда энг янги технологияларни жорий этиш тезлигини пасайтиради.

Deutsche Bank томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, келгуси беш йил ичида глобал технологик уруш тахминан 3,5 триллион долларга тушиши мумкин. Ушбу кўрсаткич иккита турли хил технология стандартлари пайдо бўлиши билан муқаррар бўлган юқори оператсион харажатларни ҳам ўз ичига олади.