Трамп Туркияга қарши ҳарбий куч қўллашга тайёр

Трамп Туркияга қарши ҳарбий куч қўллашга тайёр

АҚШ президенти Дональд Трамп зарурат туғилса, Туркияга нисбатан унинг Суриядаги ҳарбий операцияси туфайли ҳарбий куч қўллашга мутлақо тайёр. Бу ҳақда Давлат котиби Майкл Помпео CNBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Помпео Анқаранинг айнан қандай ҳаракатлари ҳарбий жавобга туртки бериши мумкинлигига аниқлик киритмади, бироқ Вашингтон урушни эмас, тинчликни афзал кўришини айтди. Шунингдек, у АҚШ иқтисодий ва дипломатик чоралар қўллашга ҳам тайёрлигини эслатди.

Маълумки, Туркия 9 октябрь куни Суриянинг шимолида курдларнинг YPG қуролли гуруҳига қарши ҳарбий операция бошлади. Анқара бу гуруҳни Курдистон ишчи партияси деб аталувчи террорчи ташкилотга алоқадор деб ҳисоблайди. АҚШ эса Сурияда YPG билан ҳамкорлик қилиб келган.

17 октябрь куни Вашингтон ва Анқара ўртасида эришилган келишувга мувофиқ Сурияда ҳарбий операция беш кунга тўхтатилди. Туркия бу вақт ичида YPG кучларининг чегарадан узоқлашишини талаб қилди.