Транспорт вазирининг 3 нафар ўринбосари ва инспекция бошлиқлари лавозимидан озод қилинди

Транспорт вазирининг 3 нафар ўринбосари ва инспекция бошлиқлари лавозимидан озод қилинди

Фото: president.uz

“Айрим раҳбарларнинг шахсий масъулиятини кўриб чиқиш тўғрисида” Ҳукумат қарори (43-сон, 29.01.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, транспорт соҳасидаги ишлар етарли даражада ташкил қилинмаганлиги ва мутасадди раҳбарларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш мақсадида:

  • Илхам Рустамович Махкамов транспорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, вазирнинг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб;
  • Даврон Тулкунович Дехканов транспорт вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилиб, вазирнинг ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб;
  • Абдурахман Абдуллаевич Абдувалиев транспорт вазирининг ўринбосари – Автомобиль йўллари қўмитаси раиси лавозимидан озод этилиб, вазирнинг ўринбосари — Автомобиль йўллари қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи этиб;
  • Толиб Эгамбердиевич Улжаев Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг директори лавозимидан озод этилиб, ушбу агентлик директори вазифасини бажарувчи этиб;
  • Дониёр Бахтиёрович Ахмедов Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг бошлиғи лавозимидан озод этилиб, мазкур инспекция бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб;
  • Фахриддин Мухиддинович Салихов Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг бошлиғи лавозимидан озод этилиб, мазкур инспекция бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни туризмни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Унда самолёт ва поездларимизда хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, чипталар нархи эса қимматлиги йўловчиларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлаётгани, оқибатда кўпчилик хорижий ташувчилар хизматини танлаётгани айтилган эди.

Темир йўл ва авиа йўналишларимиз кенг қамровли ва рақобатбардош эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига Ўзбекистоннинг 4 аэропортида жорий этилган “очиқ осмон” режимидан тўлиқ фойдаланиш, янги авиа йўналишлар очиш, тезюрар поездлар сонини кўпайтириш, чипталар нархини арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, бу борада муайян ишлар қилинган бўлса-да, мамлакатимизнинг транспорт-транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага, 2030 йилда эса минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш эвазига 23 миллион тоннага етказиш имконияти мавжуд.

Оптимал тариф сиёсати мавжуд бўлмагани сабабли транзит юк оқимини жалб этиш ва маҳаллий товарларни ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш имконияти чекланмоқда.

Йиғилишда транзит сиёсатини бутунлай қайта кўриб чиқиш Транспорт вазирлигининг энг муҳим вазифаларидан бири экани таъкидланган. Шунингдек, темир йўл тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага хусусий капитални кенг жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.