Турин политехника университетининг 18 ёшли талабаси уриб ўлдирилгани акс этган видео эълон қилинди (видео)

Турин политехника университетининг 18 ёшли талабаси уриб ўлдирилгани акс этган видео эълон қилинди (видео)

Тошкент шаҳрида 25 ноябрь куни Турин политехника университети дарвозаси ёнида 18 ёшли икки йигит ўртасидаги жанжал оқибатида бир талаба ҳалок бўлганди. Шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳолат акс этган видеони эълон қилди.

Маълум қилинишича, ҳолат 25 ноябрь куни 12:30 атрофида содир бўлган. Турин политехника университети ҳовлисида Суннат ва Муҳаммадазиз исмли йигитлар кўришиб ўзаро ярашиш мақсадида қўл беришган пайти шу университет талабаси Самандар уларнинг олдига келган ва «Бўлдими, ярашволдингларми? Чиройли ҳал қилинглар» — деган. Шу пайт жабрланувчи (2003 йилда Андижон шаҳрида туғилган) 1-босқич талабаси Шерзод исмли йигит Самандарнинг олдига келиб «Нима қиласиз аралашиб?», деган.

Шу орада Самандарнинг ёшликдан бирга ўсган Аббос ва Алимбек исмли дўстлари келиб қолган ва Аббос Шерзоднинг юзига бир мушт уриб, ерга йиқитган. Оқибатда у воқеа жойида ҳалок бўлган.

Суд-тиббий экспертизасининг бирламчи маълумотига асосан, Шерзоднинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, мия ости пардалари ва мия тўқималарига қон қуйилиши жароҳати сабаб бўлган.

2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган Аббос эса гумонланувчи сифатида қўлга олинган. У воқеани қуйидагича изоҳлаган: «Турин университети олдинга борганимда уруш бўлаётган экан. Ўртоғим (Самандар) урушаётганини кўриб, урушган болани олдига бордим. У мени сўкиб қўйганидан кейин жаҳл устида бир мушт уриб қўйдим. Лекин умуман ўйламагандим ўлиб қолишини. Қилган ишимдан пушаймонман».

Таъкидланишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (одам ўлимига сабаб бўлувчи қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.