Туркия элчиси Нодира Қодированинг ўлими юзасидан ТИВга таклиф қилинди

Туркия элчиси Нодира Қодированинг ўлими юзасидан ТИВга таклиф қилинди

2019 йилнинг 8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов Туркия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Эр Меҳмет Сурайяни билан учрашди. Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, вазир ўринбосари Туркия элчисини жорий йилнинг 23-сентабр куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон фуқароси Нодира Қодированинг ўлими билан боғлиқ вазиятга тушунтириш олиш учун таклиф қилган.

Элчи Ўзбекистон фуқароси вафотига олиб келган фожиали воқеа муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирди ва ҳозирги пайтда Туркиянинг тегишли идоралари ҳар томонлама ва синчковлик билан тергов ўтказаётганини, ушбу ишга доир барча ҳолатлар ўрганилаётганини қайд этди.

Шунингдек, элчи тергов объектив олиб борилишини, Ўзбекистон томони эса тезкор ва мунтазам тарзда терговнинг бориши ва натижалари тўғрисида хабардор қилинишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг сентабр ойида Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси депутати, нафақадаги генерал Ширин Уналнинг уйида оқсоч бўлиб ишлаётган 23 яшар ўзбекистонлик Нодира Қодирова генералнинг тўппончаси билан ўзини отиб қўйган эди. Натижада, у Истанбулдаги Билкент шифохонасида вафот этган.