Туркия Гуленга алоқадор 176 нафар аскарни ҳибсга олди

Туркия Гуленга алоқадор 176 нафар аскарни ҳибсга олди

Туркия прокуратураси мамлакат қуролли кучларига алоқадор 176 нафар ҳарбийни ҳибсга олишга буйруқ берди — улар 2016 йилда Анқарада давлат тўнтариши ўтказишда айбланаётган гуруҳга аъзоликда гумон қилинмоқда.

Давлат ОАВлари маълумотларига кўра, ҳибсга олинганлардан 143 нафари лейтенант унвонида (улардан 97 таси ҳозир ҳам хизматда), 33 нафари кичик лейтенант (улардан 11 таси ҳозир ҳам хизмат қилмоқда) унвонида эди. Шунингдек, F-16 ҳарбий қирувчисининг олтита учувчиси ҳам бўлган.

1999 йилдан бери АҚШнинг Пенсилвания штатида қувғинда яшаётган Фатҳуллоҳ Гулен 2016 йилдаги давлат тўнтаришларига алоқадорлигини рад этиб келади.

Тўнтаришдан бери унга алоқадорликда гумон қилинган ўн минглаб одамлар ҳибсга олинган. 150 мингга яқин давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар ишдан бўшатилган.