Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Туркия Идлибда кимни ва нима учун ҳимоя қиляпти?
3.03.2020 16:36,  
1706

Расмий Дамашқ ва Москва Суриянинг Идлиб вилоятидаги “зиддиятлардан холи ҳудуд”га уюштирилган ҳужумни “у ерда террорчилар ўрнашиб олгани” билан изоҳлади. Туркия эса бу даъвони рад этди. Ўтган ҳафта бу вилоятдаги Туркия ўрнатган ҳарбий патрул нуқталарига Башар Асад кучлари ҳужум қилгани оқибатида ўнлаб турк аскарлари ҳалок бўлди

Мутахассисларнинг айтишича, Идлиб вилоятини асосан Башар Асадга мухолиф бўлган исломий кучлар бошқаради, бироқ Туркия ва унинг президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон улар учун қайғураётгани йўқ.

Идлибда айнан қандай кучлар Башар Асад ва унинг иттифоқчиларига (Россия ва Эронга) қарши турибди ва нима учун Туркия армияси бу гуруҳлар билан бир томонда бўлиб қолди?

2018 йил сентябр ойида Сочида ўтган анжуманда Россия, Туркия ва Эрон биргаликда Идлиб атрофида ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий ҳаракатлардан холи ҳудуд ташкил қилишга келишиб олган, бу минтақада Туркия қўллаб-қувватловига эга бўлган мўътадил, аммо Башар Асадга мухолиф кучлар секин-асталик билан жиҳодчилардан устун келиши кўзда тутилган эди. 

Воқеликда эса ҳаммаси текарисига бўлди. 

“Ҳайъати Таҳририш Шом”

“Ҳайъати Таҳририш Шом” – исломий кучлар иттифоқи бўлиб, у кўплаб давлатларда террорчи гуруҳ сифатида эътироф этилган ва фаолияти тақиқланган. Бу гуруҳ номи “Жабҳатун Нусра” қаторида БМТнинг тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган. “Жабҳатун Нусра” ҳам жангарилар ташкилоти бўлиб, “Ал-Қоида”нинг Сурия қаноти ҳисобланади.

“Ҳайъати Таҳририш Шом” 2017 йил 28 январда “Жабҳати Фатҳиш Шом” (собиқ “Жабҳатун Нусра” – “Ан-Нусра фронти”), “Ансоруддин жабҳаси”, “Жайшус-сунна”, “Ливоул-ҳақ” ва “Нуриддин Зенки ҳаракати” гуруҳларининг иттифоқи сифатида ташкил топган. Унинг ташкил этилгани ҳақида эълон қилиниши билан кўплаб кичик гуруҳлар ва якка шахслар гуруҳга келиб қўшилган. Аммо гуруҳ тузилганидан кейинги бир йил ичида “Ансоруддин жабҳаси” ва “Нуриддин Зенки ҳаракати” ундан чиқиб кетган. 2019 йилда бу гуруҳ азолари сони 20 000 киши атрофида экани айтиларди.  

“Ҳайъати Таҳририш Шом” вакиллари ўз ташкилотлари муталақо мустақил эканлиги ва ташқи кучлар билан алоқаси йўқлигини айтиб келади. Бироқ уларнинг рақибларига кўра гуруҳнинг мақсад ва ғоялари илгаригидек, ўзгаришсиз қолган. “Улар “Ал-Қоида” байроғи остида, “Ал-Қоида” усуллари билан ҳаракат қилади”, дейди Сурия парламентидаги Башар Асад тарафдори бўлган депутат Форис Шиҳобий. 

БМТ 2020 йил январда эълон қилган Суриядаги вазият ҳақидаги ҳисоботда “Ҳайъати Таҳририш Шом” жангчиларининг сони 12-15 минг киши атрофида деб баҳоланган. У Идлибда Башар Асад ва унинг россиялик ҳамда эронлик иттифоқчилари ҳарбийларига қарши тура оладиган энг яхши жанговар тайёргарликка эга куч ҳисобланади. 

Ҳали Сочидаги келишувлар имзоланаётган вақтдаёқ “Ҳайъати Таҳририш Шом” Идлибдаги энг таъсирли кучга айланиб улгурган бўлса, ундан бери рақиблари билан бўлган бевосита тўқнашувларда янада мустаҳкамланиб борди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра айни пайтда Идлибнинг Асад қўшинлари эгалламаган деярли барча ҳудуди “Ҳайъати Таҳририш Шом” назоратига ўтган.

“Ҳайъати Таҳририш Шом” бу минтақада минглаб кишилар хизмат қиладиган “қутқарув ҳукумати” номли фуқаролик маъмуриятини тузиб, унинг фаолиятини қўллаб-қувватлайди ҳам”, дейди мустақил таҳлилчи Айман Жавод Ат-Тамимий.

Идлибда бугун Башар Асад ҳокимияти остида яшашни истамаган уч миллиондан ортиқ инсон тўпланган, улардан бир миллон нафари болалардир. Кўпчилик инсонлар шароити абгор қочқинлар лагерларида яшайди./GETTY IMAGES 

 

Миллий озодлик фронти

Миллий озодлик фронти (МОФ) – Туркия қўллаб-қувватлайдиган, молиялайдиган ва қуроллантирадиган гуруҳлар иттифоқи. МОФ ўтган йили кузда расман Сурия миллий армияси (собиқ Сурия Озодлик Армияси) сафига қўшилган бўлиб, у Сурия ҳудудидаги йирик ҳарбий тузилмалардан биридир. Сурия миллий армияси мамлакат ҳудудида Туркия ҳарбийлари билан ҳамкорликда курд тузилмаларига ҳам қарши уруш олиб боради.    

АҚШ Мудофаа вазирлиги МОФ ва Идлибдаги туркларга хайрихоҳ бошқа ҳарбий кучлар сонини 22 мингдан 50 минг кишигача деб баҳолайди. Шунга қарамай, The Century Foundation ташкилоти таҳлилчиси Арон Лунд ва бошқа кўплаб экспертлар Миллий озодлик фронти “Ҳайъати Таҳририш Шом”га солиштирганда анча кучсиз деб ҳисоблайди. 

“Уларда ҳамжиҳатлик, транспорт ва ташкилотчилик етишмайди; яхши қуролланишмаган ҳам. Шунга қарамай, улар ўзларини бошқаларнинг ўрнини босувчи ҳаётий куч сифатида намоён этади. Яна бу гуруҳ Туркияга яқин – келгусида Идлибда нималар юз бериши уларга ҳам боғлиқ”, дейди Лунд. 

Бошқалар ва хорижликлар

Юқорида номи айтилган икки иттифоқдан ташқари Идлибда турли хил кичик гуруҳлар ҳам бор. 

Уларнинг ичида энг кўзга кўрингани – “Ҳурросуд-дин” (“Дин ҳимоячилари”). 2018 йил февралда “Ҳайъати Таҳририш Шом”дан ажралиб чиққан бу гуруҳни кўпчилик “Ал-Қоида”нинг Суриядаги ўринбосари (ёки бўлими) деб ҳисоблайди. Шунга мувофиқ, кўплаб давлатлар, хусусан, АҚШ, Россия ва бошқалар уни террорчи тузилмалар рўйхатига қўшган. 

Таҳлилчиларнинг кузатувларига кўра “Ҳурросуд-дин” баъзи-баъзида ва зарур бўлган вақтларда “Ҳайъати Таҳририш Шом” билан биргаликда ҳаракат олиб боради. БМТ мутахассислари шу йил январда чоп этган ҳисоботда уларнинг сони 3 500-5 000 киши атрофида деб баҳоланган. 

Бундан ташқари, Идлибда “Ҳайъати Таҳририш Шом”га иттифоқчи бўлган уйғур жангчилари ҳам бор. Хитойнинг Шинжон (Шарқий Туркистон) минтақасидан бўлган уйғурлар “Туркистон Ислом Партияси”га бирлашган. 

Идлибда яна ўзбек исломий жиҳодчилари бор. Баъзи мутахассислар бу ерда тожик, чечен ва бошқа чет эллик жиҳодий гуруҳлар борлигини тахмин қилади. Улар Сурияга турли вақтларда, 2011 йилдан кейинги нотинчлик йилларида бу ерда урушиш учун кириб келган.

Асад ҳукумати Идлибда 30-40 минг атрофида хорижлик қуролли кучлар борлигини айтади. Бироқ Мудофавий тадқиқотлар бўйича Британия Қироллик институтидан Рафаэлло Пануччининг ҳисоблашича бу анча бўрттирилган рақамдир. 

“Улар оилалари билан қўшиб ҳисоблаганда бир неча минг кишидан ошмайди”, дейди Пануччи.

Туркия Идлибда Миллий озодлик фронтини қўллаб-қувватлайди, уни молиялаштиради ва қуроллантиради./AFP

 

Туркия нима учун урушяпти?

Идлибда қуролли исломий кучлар ва Асад режимининг душманлари ўн минглаб кишилардан иборат. Аммо уларнинг назоратида бўлган ҳудуд аҳолиси бундан йигирма баравар кўп. 

Суриядаги фуқаролик урушига қадар Идлиб вилоятининг 6 097 квадрат километрлик ҳудудида бир ярим миллиондан камроқ аҳоли яшар эди. Вилоят 5 та тумандан иборат – Идлиб, Ариҳо, Маарратун-Нуъмон, Жисруш-Шуғур ва Ҳорим. Идлиб вилояти шимоли-шарқда Ҳалаб, жанубда Ҳама, ғарбда Латакия (Лазиқия) вилоятлари ва шимолда Туркия билан чегарадош. 

Идлиб Латакияни Ҳалабдан ажратиб туради. Жисруш-Шуғурдаги довон орқали стратегик – Суриянинг асосий порт шаҳри Латакияни мамлакатнинг шимолий пойтахти ва энг йирик иқтисодий маркази бўлган Ҳалаб билан боғловчи M4 йўли ўтган. Вилоят ғарбидан Ливанда бошланиб Туркия ҳудудида Ўрта Ер денгизига қуйилувчи Ал-Аси (Оронт) дарёси оқиб ўтган.    

Ҳозир бу жой “иккинчи Ғазо Сектори”га айланган: вилоят ҳудудининг аввалгидан деярли икки баравар кичик қисмида (вилоятнинг ярим ҳудуди Асад қўшинлари томонидан эгалланган) БМТ ҳисобига кўра уч миллионга яқин киши истиқомат қилади, уларнинг бир миллиони болалардир.

2019 йил декабрида Асад қўшинларининг иттифоқчилари билан Идлибга қарши бошлаган ҳужуми вилоятда яшаб келаётган қочқинларнинг қарийб бир миллион нафари Туркия чегарасига қараб қочишига олиб келди.

Бунгача ҳам Туркия Суриядан келган 3,7 миллионга яқин қочқинни қабул қилиб бўлган ва бу дунёнинг бошқа давлатларидаги суриялик барча қочқинлар сонидан кўп. “Турк жамиятининг қочқинларга нисбатан ошиб бораётган норозилиги Эрдўғонни “мамлакати бундан кейин бошқа қочқин қабул қила олмаслиги” ҳақида эълон қилишга мажбурлади”, дейилади Financial Times газетасида чиққан таҳлилий мақолада.  

Идлибда йиллар давомида Башар Асад ҳукмронлигига қарши бўлган инсонлар тўпланган. Вилоятнинг тўлиғича унинг қўлига ўтиши бу ерда яшаб турганларга бошқа йўл қолдирмайди ва улар оммавий равишда яна Туркияга киришга ҳаракат қилади. Мана шу сабабли Эрдўғон Идлиб учун курашга кирди. 

Туркия Эрдўғон бошчилигида Идлибни ҳимоя қилаётганининг яна бир муҳим сабаби бор. Ташқи кузатувчиларнинг якдил эътирофига кўра, бугунги кунда сунний Туркия Сурия суннийларини Асаднинг шиа ҳокимияти ва унинг эронлик шиа иттифоқчиларидан ҳимоя қилаётган ягона куч бўлиб турибди. Бу вазиятда Эрдўғон янада кучли ва қатъиятли етакчи бўлиб кўринади. 

“Миллатчи партиялар Сурия режмига ҳарбий жавоб қайтариш учун Эрдўғонга босим ўтказишяпти”, дейди Глазгодаги Каледония университетидан турк сиёсатшунослари Умут Коркук ва Тарк Башбукўғлу. 

“Эрдўғонга унинг амалдаги иттифоқчиси, ўта ўнг миллатчилар етакчиси бўлган Давлет Баҳчели босим ўтказяпти. У президентни Москва ва Дамашқ билан муносабатларда қаттиқроқ мавқени эгаллашга чақиряпти”, деб тасдиқлайди Financial Times. 

Кўпчилик шарҳловчиларга кўра, бугун Эрдўғон учун қочқинлар муаммосини ҳал қилиш ҳам, кучли етакчи мақомини сақлаб туриш зарурати ҳам Идлиб ва умуман, Сурия билан боғлиқ муҳим масалага айланган. Бу ўз навбатида ички сиёсий муаммоларга ечим бўлиши, унинг шахсий обрўси ошишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун Идлибдаги вазият тақозосига кўра иттифоқчи бўлиб қолганларнинг мафкураси ва уларнинг халқаро рўйхатларда қандай ном билан қайд этилгани – булар Туркия президенти учун иккинчи даражали масала бўлиб қолганига шубҳа йўқ.  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан