Туркия Ўзбекистонга 50 дона ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратини беғараз ёрдам сифатида юборди

Туркия Ўзбекистонга 50 дона ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратини беғараз ёрдам сифатида юборди

Бугун тунда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига Истанбулдан чартер йўналиш бўйича учган самолёт келиб қўнди. «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясига тегишли мазкур ҳаво лайнерида 267 нафар йўловчи юртимизга олиб келинди. 

Ушбу рейс орқали қардош турк халқи ва Туркия ҳукуматининг бугунги мураккаб вазиятда халқимизни қўлаб-қувватлашга қаратилган, коронавирусга қарши кураш жараёнида беқиёс аҳамиятга эга бўлган инсонпарварлик ёрдами ҳам етказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари ушбу ҳаво кемасида келган инсонпарварлик юкини ҳам қабул қилиб олди. Ўпкага сунъий нафас юбориш учун мўлжалланган мазкур аппаратлар республикамиз бўйлаб биринчи навбатда эҳтиёж бўлган, энг зарур нуқталарга тарқатилади. 

Мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонаси тақдим этган маълумотга кўра, инсонпарварлик юки таркибида COVID-19 вируси пандемиясига қарши курашда фойдаланиладиган 50 дона ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати бор. Туркиянинг ўзида ишлаб чиқарилган мазкур ускуна халқаро стандартлар асосида синовдан ўтказилган бўлиб, коронавирус касаллигининг оғир шаклини бошидан кечираётган беморларни соғлом ҳаётга қайтаришга ёрдам беради.