Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Қора денгизда 85 миллиард кубометр ҳажмдаги янги табиий газ захиралари топилганлигини эълон қилди. Эндиликда ушбу коннинг умумий ҳажми 405 миллиард кубометрни ташкил қилади.
Август ойида Эрдоған Туркиянинг "Fotih" бурғулаш кемаси Қора денгизда мамлакат тарихидаги энг йирик газ конини кашф этганини, тахминан 320 миллиард куб метр захирага эга эканлигини эълон қилган эди.
"Бизнинг кемамиз биринчи газ кони очилгандан кейин ҳам ишлашни давом эттирди. Янги тадқиқотлар давомида яна 85 миллиард кубометр газ кашф этилди. Умумий ҳажми 405 миллиард кубометрни ташкил этади", - деди Туркия президенти "Fotih" тадқиқот кемасига ташрифи чоғида.
Эрдоған, ушбу кондан газ қазиб олишни 2023 йилда бошлашни мақсад қилиб қўйганини қўшимча қилди.