Туркия-Сурия можароси: воқеалар ривожи

Туркия-Сурия можароси: воқеалар ривожи

АҚШ Туркиянинг Шимолий Сурияга ҳужумига жавобан мамлакатнинг икки вазирлиги ва ҳукуматдаги уч расмийга нисбатан санкция қўллади.

Шунингдек, АҚШ вице-президенти Майк Пенснинг айтишича, президент Доналд Трамп турк ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали суҳбатда ундан “зудлик билан сулҳ тузиш”ни сўраган.

Пенс яна “имкони бўлиши билан” минтақага сафар қилиш ниятидалигини билдирган.

Аввалроқ Сурия армияси қўшинлари мамлакатнинг шимоли-шарқий ҳудудларига кирган эди. Бу турк қўшинлари билан тўқнашувга олиб келиши мумкин.

Сурия қўшинларининг Туркия билан чегарага яқин ерларга жойлаштирилиши ўтган ҳафтагача АҚШнинг иттифоқчиси саналган курд ҳарбийлари билан келишув ортидан юз берган.

Туркия ҳарбий ҳужумдан мақсад курд кучларини чегара минтақасидан узоқроққа суриб ташлаш ва расмий Анқара “хавфсиз ҳудуд” деб атаётган тартибни ўрнатиш эканлигини айтиб келади.

Бу “хавфсиз ҳудуд” чегарадан Сурия ичкарисига 30 км (20 мил) кириб бориши кўзда тутилган бўлиб, Туркия бу ерга ўз ҳудудидаги суриялик қочқинларнинг 2 миллионини жойлаштирмоқчи.

Қочқинларнинг аксари курд бўлмагани туфайли маҳаллий курд аҳолини яшаб турган жойидан кўчириш эвазига амалга ошадиган бу амалиёт “этник тозалаш” деган танқидларга учраяпти.

АҚШ санкциялари нимани кўзда тутади?

Душанба куни эрталаб Вашингтонда журналистларга гапирган АҚШ Молия вазири (Ғазна котиби) Стивен Мнучин санкциялар “ўта қаттиқ” бўлиши ва Туркия иқтисодига кучли зарба бериши ҳақида айтди.

Молия вазирлиги чиқарган баёнотда бу санкция Туркиянинг мудофаа ва энергетика вазирликлари ҳамда мудофаа, энергетика ва ички ишлар вазирига қарши қаратилгани айтилган.

“Туркия ҳукуматининг амалиётлари тинч фуқароларни хавф остига қўйиб, минтақани беқарорлаштиряпти, шунингдек, ИШИДга қарши ҳаракатларни ҳам йўққа чиқаряпти”, дейилади баёнотда.

Мнучин билан бир вақтда баёнот берган вице-президент Пенс санкциялар “Туркия зудлик билан сулҳ тузиб, зўравонликни тўхтатиб, Туркия-Сурия чегарасидаги муаммоларни ҳал этиш учун узоқ муддатли музокараларни бошламагунича давом этиши”ни билдирган.

Унинг айтишича, президент Трамп душанба кунги қўнғироқда бу ҳақда Туркия президенти Эрдўғонга такроран эслатган.

Пенсга кўра, АҚШ Туркияга “Сурияга бостириб кириш учун яшил чироқ бермаган”.

Аввалроқ АҚШ Туркиянинг Сурияга “номақбул” кириши у ердаги қамоқхоналарда сақланаётган кўплаб ИШИД жангариларининг қочишига олиб келганини айтганди.

Душанба куни Европа Иттифоқи мамлакатлари Туркияга қурол-яроқ экспортини тўхтатиш ҳақида баёнот берди, аммо қурол-яроқ эмбаргоси амалга ошмади. Бунга жавобан Туркия Европадаги ҳамкорлардан “ноқонуний ва тарафкаш” муносабатга учраётганини айтиб чиқди.

Ҳудудда нималар бўляпти?

Сурия давлат телевиденияси Россия қўлловидаги мамлакат қўшини Туркия барпо этмоқчи бўлаётган “хавфсиз ҳудуд” ичидаги стратегик шаҳар – Манбижга киргани ҳақида хабар берган. Туркия аскарлари ва уларнинг иттифоқчиси бўлган Озод Сурия Армияси ҳарбийлари ҳам айни шаҳар атрофида тўпланяпти.

Курд ҳарбий кучлари билан тузилган келишувга кўра Сурия президенти Башар Асаднинг қўшинлари 2012 йилдан бери биринчи марта мамлакат шимоли-шарқидаги минатақаларга кирган. Ўшанда расмий армия Суриянинг бошқа ҳудудларидаги исёнчилар билан урушиш учун у ердан олиб чиқилганида курд ҳарбийлари минтақани назоратга олган эди.

Курдларнинг ўз-ўзини бошқариш ҳаракатлари Сурия президентига маъқул келмаса ҳам улар ИШИДга қарши АҚШнинг иттифоқчисига айлангач, Асад бу минтақани қайтадан назоратга олишга интилмаган.

Ҳозирча Сурия қўшинлари Тал-Абяд ва Рас-айл-Айн шаҳарлари ўртасида жойлаштирилмаяпти. Чунки бу ерларга Туркия ўз кучларини йўналтирган.

Эрдўғоннинг яқин иттифоқчиси бўлган Россия ҳукумати Сурияда рус ва турк қўшинлари тўқнашуви эҳтимолини рад этиб, Туркия ҳукумати билан доимий алоқада эканлигини билдирган.

БМТнинг Инсонпарварлик ишларини йўналтириш оффисига кўра чегарада тўқнашувлар бошланганидан буён 160 000 га яқин тинч фуқаролар ўз яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлган.

Сурия томонда камида 50, Туркия томонда эса 18 фуқаро ҳалок бўлган. Курд кучлари ўзининг 56 жангчисини йўқотганини билдирган, Туркия эса 4 турк аскари ва 16 суриялик иттифоқчи аскар ҳалок бўлганини айтган.