Туркия Суриядаги ҳарбий операциясини 120 соатга тўхтатди

Туркия Суриядаги ҳарбий операциясини 120 соатга тўхтатди

Кеча, 17 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған АҚШ визе-президенти Майк Пенсни қабул қилди. Қарийб уч соат давом этган ва эпиқ эшиклар ортида ўтган музокарадан сўнг Туркия Суриянинг шимолида олиб бораётган “Тинчлик булоғи” номли ҳарбий операция 120 соатга тўхтатилиши маълум бўлди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар тарқатди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлининг сўзларига кўра, курд жангчиларининг чегарадан узоқлашиши учун 120 соат берилди. Курдлар оғир қуролларини ҳам олиб кетади, уларнинг истеҳкомлари йўқ қилинади.

“Биз мақсадимизга эришдик”, – деди Чавушўғли.

Анқара Суриянинг шимолида “хавфсиз ҳудуд” деб атаётган жой барча террорчилардан тозалангандан кейингина ҳарбий операция тўхтатилишини айтди.

Ҳарбий операция буткул тўхтатилганидан кейин эса АҚШ Туркияга нисбатан жорий этган санкциялар бекор қилинади.