Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов қарорни имзолади, унга кўра Туркиянинг «Chalık Enerji» компанияси билан қуёш ва шамол электр станциясини лойиҳалаш ва қуриш бўйича шартнома имзоланади. Бу ҳақда жума куни Туркманистон давлат ахборот агентлиги TDH хабар берди.
Электр станцияси Болқон велаяти (вилояти)нинг Сердар этрапида (туман) қурилади. Унинг қуввати 10 МВтни ташкил қилади.
Қурилиш шу йилнинг июль ойида бошланади. Объект 2024 йил январь ойида фойдаланишга топширилади. Электр станцияси Туркманистонда қайта тикланадиган энергия манбаларида ишлайдиган биринчи иншоот бўлади.
Мамлакат бундай электр станциялари қишлоқ аҳолиси ва марказий электр таъминоти тизимидан узоқда жойлашган ҳудудларни энергия билан таъминлашни яхшилашини кутмоқда.