Туркияда йил бошидан буён неча нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани маълум қилинди

Туркияда йил бошидан буён неча нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани маълум қилинди

Туркиянинг Истанбул ва Анқара шаҳарларида 2019 йилнинг январь—сентябрь ойларида турли сабаблар билан 70 га яқин Ўзбекистон фуқароси вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасига асосланиб, «Kun.uz» хабар бермоқда.

Қайд этишларича, ушбу ўлим ҳолатларининг 14 таси Анқара консуллигида рўйхатга олинган бўлса, 50 дан ортиғи Истанбулдаги консуллик томонидан қайд этилган. Хусусан, элчи Алишер Аъзамхўжаевнинг сўзларига кўра, Нодира Қодированинг ўлими — 2019 йил ҳисобидан Анқарада қайд этилган 14-ҳолат эди.

Туркияда вафот этган ўзбекистонликларнинг айримлари Туркиянинг ўзида дафн этилган бўлса, баъзиларининг жасади Ўзбекистонга олиб келинган.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқаролари иштирокида Туркияда содир бўлган кўнгилсиз ҳодисалар ҳақида мунтазам ахборот бериб келмоқда.