Туркиялик мутахассислар Ўзбекистонда туризм ҳудудларини режалаштиришга ёрдам бермоқчи

Туркиялик мутахассислар Ўзбекистонда туризм ҳудудларини режалаштиришга ёрдам бермоқчи

Тошкент шаҳридаги Wyndham меҳмонхонасида “Ўзбекистонда туризм ҳудудларини режалаштириш ва Туркия тажрибаси” амалий семинари ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ўтказилган ушбу тадбирда  Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлигининг Инвестициялар ва амалга ошириш Бош бошқармаси мутасаддилари, Туркия Мустақил меъморлар уюшмаси раҳбарияти иштирок этишди.

Семинар доирасида қатор ялпи сессиялар ўтказилиб, уларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Туристик зоналарни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш департаменти ҳамда  “Қишлоққурилишлойиҳа” институти мутахассислари мамлакатимизда йўлбўйи туризм инфратузилма объектлари лойиҳаларига тўхталишди.  

Тадбирда шунингдек Қўмитанинг Туркия Республикасидан жалб қилинган хорижий маслаҳатчиси Содиқ Бадак ҳам иштирок этиб, “Ўзбекистонда туризм ҳудудларини режалаштириш ва тематик туризм шаҳарчаси намунаси” мавзусида тақдимот қилди. 

Иккинчи сессияда Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги бошқарма бошлиғи Танер Пири ва бўлим бошлиғи Мустафо Ўздемир вазирликнинг туризм ҳудудларини режалаштириш ва инвесторлар учун ер майдонларини ажратиш фаолияти бўйича тақдимот қилишди ҳамда  Туркиянинг туризм соҳасида эришган ютуқларига тўхталиб ўтишди.

“Ўтган асрнинг 70-йиллари охирида 300 минг сайёҳ қабул қила олган Туркиядан 2019 йилда қарийб 52 миллион сайёҳга юқори даражали хизмат кўрсата олган Туркия ўртасида 40 йиллик тажриба бор. Бу тажриба замирида тўғри режлаштириш ва лойиҳалаштириш концепцияси ётади. Туризм ҳамма жойда ҳам ривожланавермайди – энг аввало, туризм салоҳиятига эга бўлган ҳудудни тўғри танлай билиш лозим. Шунчаки, шаҳарнинг бир четида меҳмонхона қуриш, ресторан очиш ёки савдо шохобчаси барпо этиш билан туризм ривожланиб қолмайди. Концепцияси ва режа-лойиҳаси ишлаб чиқилган ҳудудлардагина комплекс туристик хизмат маданияти шаклланади”, - дея таъкидлади Танер Пири. 

Семинарнинг иккинчи кунида Туризмни ривожлантириш қўмитаси ходимлари томонидан лойиҳалаштирилаётган туризм зоналари жойига бориб ўрганилди. Тошкент вилоятидаги туризм зоналари бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар туркиялик мутахассислар томонидан юксак баҳоланди. Тадбир якунига кўра, туркиялик экспертлар билан лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.