«Туркияликлар солиқдан қочишни миллатнинг ҳаққига хиёнат қилиш деб ҳисоблайди!..»

«Туркияликлар солиқдан қочишни миллатнинг ҳаққига хиёнат қилиш деб ҳисоблайди!..»

Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати чет элда таҳсил олаётган ҳамюртларимиз иштирокида «Хориждаги ватандошлар» лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа орқали хориждаги юртдошларимиздан улар истиқомат қилаётган мамлакат аҳолисининг солиқ саводхонлиги ва шу каби бошқа қизиқарли маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.

Лойиҳанинг навбатдаги қаҳрамони Туркиянинг Бурса шаҳридаги Улудағ университети бакалавр босиқичида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Абдуллатиф Адҳамов бўлди.

М.: Абдуллатиф келинг, аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз?

А.А.: 1997 йил Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилганман. Туркияга келганимга деярли икки йил бўлди. Бир йил аввал Туркиянинг Измир шаҳридаги Эге университетида хорижлик талабаларга мўлжалланган ТОМEР турк тили курсини ўқидим. Кейин университет синовларини топшириб Бурса шаҳридаги Улудағ университетига қабул қилиндим. Ҳазирда Социология йўналишида таҳсил оляпман.

М.: Маълумки, Туркия дунёнинг ривожланган давлатларидан бири. Кузатишларингиз натижасида мамлакатдаги солиқ сиёсати ҳақида нималар дея оласиз?

А.А.: Туркияга ўхшаган табиий бойликлари чекланган мамлакатлар асосан савдо-сотиқ, солиқлар ёки туризм ҳисобидан яшайди ва ривожланади. Туркияда билишим бўйича четдан келган ва мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган барча маҳсулотлар имтиёзсиз ҳолда, фарқли равишда турли солиқларга тортилади. Туркияда монопол компаниялар йўқ, барча тенг солиқ тўловчи ҳисобланади. Шунинг ҳисобига ўрта ва қуйи қатлам вакиллари тадбиркорлик ёки ишлаб чиқариш билан қўрқмасдан бозор рақобати асосида шуғулланади. Бу эса солиқ тўловчиларнинг сафини кенгайтириб, Туркияни иқтисодий томондан ривожланишига ёрдам бермоқда.

Шунингдек, бу ерда солиқ турлари жуда ҳам кўп. Лекин шахсан мен учун энг ғалати солиқ тури хайрия ёки эҳсон пулларидан ҳам солиқ олиниши бўлди. Ўйлашимча бундай солиқ тури ҳар бир ўзбекистонлик менталитетидан келиб чиқиб барибир эриш туйиладиган ҳолат.

Эътиборлиси Туркияда барча солиқ турлари электрон тарзда турли қоғозбозликлардан ҳоли амалга оширилади. Бу эса иш самарадорлигини ошириш билан бир қаторда турли тушунмовчиликлар ҳамда коррупцияни олдини олмоқда, деб ҳисоблайман.

М.: Туркияликларнинг солиқларга муносабати ва солиқ саводхонлиги қай даражада?

А.А.: Туркияликларнинг солиқ саводхонлиги юқори даражада. Айниқса болалар кичиклигидан солиқлар бу миллатнинг ҳаққи эканлиги ва солиқдан қочиш эса миллатнинг ҳаққига хиёнат бўлиши ўргатилади. Шу боис ҳам аҳолининг катта қисми солиқларни ўз вақтида тўлаб боради. Қолаверса, туркияликлар айнан ўзлари тўлаётган солиқлар мамлакатининг тараққиётига хизмат қилишини яхши англайди.

М.: Келгусидаги мақсадларингиз қандай?

А.А.: Германия дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири. Айнан магистратурани Германияда ўқиш мақсадида ҳозирдан немис тилини ўрганмоқдаман. Албатта келгусида хорижда орттирган тажрибаларимни мамлакатимизга қайтиб юртимиз ривожига сарфлайман.

509