Ucell Гулнора Каримова компанияга эгалик қилгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Ucell Гулнора Каримова компанияга эгалик қилгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Иман Каримовларнинг мактублари тарқалиб ва муҳокама қилинди. Мактубда, хусусан, Гулнора Каримова “Ucell” акцияларига эгалик қилиши ва ҳозирги пайтда компания давлат томонидан эмас, бошқа мулкдорлар томонидан муваффақиятли бошқарилаётгани ҳақида айтилган.

“COSCOM” МЧЖ (“Ucell” савдо белгиси остида фаолият олиб борувчи уяли алоқа оператори) ушбу масала юзасидан баёнот берди:

“Мактубда Г.Каримова гўё “Ucell” акцияларига эгалик қилиши ва ҳозирги пайтда компания давлат томонидан эмас, бошқа мулкдорлар томонидан муваффақиятли бошқарилаётгани ҳақида айтилган. Иккала баёнот ҳам мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.

2018 йил 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси Швеция ҳукуматига тегишли Телиа гуруҳидан CОSCОМ устав капиталидаги 100% улуши 215 миллион долларга ва Телиа гуруҳининг CОSCОМ компаниясига 485 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз мажбуриятларини то′лаб сотиб олган. Битим бир нечта давлатларнинг ваколатли органлари томонидан амалга оширилганда, Г.Каримова компаниянинг акцияларига алоқаси йўқлиги аниқланган. 

Шундай қилиб, 2018 йил декабрь ойида, Ўзбекистон Республикаси ваколатли агентлиги орқали CОSCОМʼни Телиа компаниялар гуруҳидан сотиб олди ва энг муҳими, унга эгалик қилишни ва бошқаришни давом эттирмоқда. CОSCОМʼни сотиб олиш жараёни бир қатор давлатларнинг барча зарур ҳуқуқий, молиявий ва тартибга солиш талабларига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилган.

Юқоридаги хатда ягона ҳақиқат CОSCОМ муваффақиятли бошқарилиб келинаётганлиги“, дейилади компания хабарида.