Украинада сув тошқини: 100 км.дан ортиқ йўл ишдан чиқди, 3 киши ҳалок бўлди

Украинада сув тошқини: 100 км.дан ортиқ йўл ишдан чиқди, 3 киши ҳалок бўлди

Кучли ёғингарчилик туфайли юзага келган сув тошқини оқибатида Украинанинг Иваново-Франковск вилоятида юз километрдан ортиқ автотрасса ва 90 та кўприк яроқсиз ҳолга келиб қолди. Бу ҳақда 24 июнь куни мамлакат ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Иваново-Франковск ва Черновитский вилоятларида кузатилган кучли ёғингарчилик сабабли душанба куни Украина Ички ишлар вазирлиги фавқулодда хавфсизлик чораларини жорий этганди.

24 июнь куни Украина фавқулодда вазиятлар хизмати берган маълумотга кўра, кучли ёғингарчилик туфайли 3 киши ҳалок бўлган ва бир киши бедарак йўқолган.

«Умумий ҳисобда 110 километр автомобил йўли ва 90 та кўприк вайрон бўлди. 429,4 километрлик автотрасса ва 130 та кўприк шикастланди. 34 та аҳоли яшаш пунктлари билан транспорт қатнови узилган», дея таъкидланган Украина ИИВ сайтида.

Табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун Украина Бош вазири Денис Шмигал бошчилигида махсус штаб ташкил этилди.

Жабр кўрган ҳудудларга авиация ва ҳарбийлар юборилди.