Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Уларнинг илоҳи – оябун
19.03.2016 08:43,  
93

Якудзанинг айнан қай тариқа шакллангани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Кимдир уларни самурайларнинг авлоди деса, кимдир қишлоқларни ҳимоя қилган кўнгилли аскарларнинг издоши сифатида тилга олади. 

XVII-XVIII асрларда пайдо бўлган якудзалар XIX асрда кучли таъсирга эга бўла бошлади. Иқтисодиётнинг ўсиши ва саноатнинг ривожланиши савдо, ишлаб чиқариш ва меҳнат бозорини қаноти остига олган гангстерлар учун жуда қўл келди. Қизиғи, ўша пайтларда бандитлар маҳаллий полиция билан ҳамкорлик қилар эди. Улар полицияга керакли маълумотларни етказиб турган, полиция эса уларга тегмаган. Бундан ташқари, полициянинг кучи етмай қолган маҳаллар якудза ёрдамга келган.

 Якудзанинг ҳукумат билан яқинлашуви XX асрда ҳам давом этди, айниқса Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги иқтисодий пасайиш даврида. Бир томондан мафия аҳолининг норозиликларини самарали равишда бостирар ва бунинг учун имтиёзлар олар эди. Иккинчи томондан эса айнан якудзанинг раҳбарлигида турли-туман исловотхоналар кўпайиб кетди.

Урушдан кейин Японияга америкаликларнинг келиши билан якудзанинг таъсири янада ошди. Америкаликлар маҳаллий гангстерларга ишонмас, уларга катта шубҳа билан қарар эди. Бироқ хорижлик ҳарбийлар айнан якудзанинг ёрдамида енгилоёқ аёллар, гиёҳвандлик моддалари ва бошқа ғайриқонуний хизматлардан фойдаланарди. Мафия эса ҳукуматнинг кучсизлигидан фойдаланган ҳолда америкаликлардан озиқ-офқат маҳсулотлари ва танқис товарларни сотиб олиб, қора бозор ташкил қилиб олди.

Оккупациянинг ниҳоясига етиши якудзанинг таъсирини асло сусайтирмади. Қолаверса, бу пайтга келиб мафиянинг мавжудлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолган эди. 1990-йилларнинг ўрталарига келиб якудзанинг атрофида тахминан 2,5 мингта гуруҳ бирлашди, шулардан учтаси энг асосийлари ва ҳалигача энг кучлилари ҳисобланади. 

«Катта учлик»нинг энг йириги «Ямагути-гуми» синдикати бўлиб, 40-55 минг атрофида аъзоси бор. Авваллари у Кобэ шаҳрини назоратида сақлар эди, бироқ эндиликда таъсири Токиога ҳам ёйилган. Пойтахт минтақаси яна иккита жиноий бирлашманинг диққат марказида туради – «Сумиёси-каи» ва «Инагава-каи». Бирининг 20 минг, иккинчисининг 15 минг атрофида аъзоси бор.

Ҳозир Японияда жиноий гуруҳларнинг 100 мингга яқин иштирокчиси борлиги тахмин қилинади. Шулардан ярми ҳеч қайси гуруҳга мансуб бўлмаган «вақтинчалик» якудзадир. Улар ўзларини мустақил гангстер деб ҳисоблайди.

Якудза қариндош-уруғчиликка асосланмаган, аммо унда оябун – кобун тизими амал қилади. Оябун – ота, кобун – ўғил маъносига эга. Оябуннинг айтган гапи гуруҳ аъзолари учун қонун, унга ҳамма бирдек амал қилиши керак. Оябунга хавф туғилган пайтда ўзини қалқон қилиш гуруҳ аъзолари учун катта шараф қилади. Агар гангстер бирор сабаб билан оябуннинг буйруғини уддалай олмаса, жимжилоғини кесиб ташлайди. Илдизи қадим замонларга бориб қадаладиган бу анъана нафақат рамзий, балки амалий аҳамиятга ҳам эга: жимжилоқсиз жангчининг қурол ишлатиши қийинлашган ва у ўз эгасига кўпроқ тобе бўлиб қолган.

Баъзан бутун баданни қоплаб оладиган катта татуировкалар якудзанинг яна бир ўзига хос хусусиятидир. Аммо бандитлар буни бегоналарнинг кўзидан яширишга ҳаракат қилишади. Улар руҳан кучли ва жисмоний қийноқларга чидамли эканлигини урғулаш учун ҳам таналарига расм чиздиришади.

Ўз фаолиятини махфий тутадиган ғарблик мафия гуруҳларидан фарқли равишда якудза ҳеч қачон яширинмайди. Қайтага улар қароргоҳи қаерда жойлашганини ҳаммага овоза қилади, гуруҳининг номи ва тимсоли туширилган карточкалар тарқатади, ўз журналларини чоп этади. Бундай хатти-ҳаракатлар ўтакетган сурбетлик бўлиб кўришини мумкин. Гап шундаки, Япония қонунчилигида якудзанинг фаолияти тақиқланмаган.  

Якудзанинг асосий қоидаларидан бири – майда жиноятчилик билан шуғулланмаслик. Ўғирлик, талончилик, кўчада гиёҳвандлик моддаларини сотиш, жинсий зўрлаш, қотиллик тақиқланади. Аксинча, ҳар бир гуруҳ назоратидаги ҳудудда жамоат тартибини сақлашга ҳаракат қилади, ҳатто айрим етакчилар гуруҳини гуманитар ташкилот деб ҳисоблайди. Аммо якудзанинг қора томони бор, албатта. Япон мафияси асосан исловотхоналар ташкил этиш, тамагирлик, ўйин бизнеси, йирик наркосавдо, қурол-яроғ савдоси, кўчмас мулк билан боғлиқ ноқонуний операциялар билан шуғулланади. Онда-сонда қотиллик ҳам рўй беради, аммо бу одатда гуруҳлар орасида кузатилади. 

Якудзанинг жиноятлари сезилмай қолмаслиги тайин. 1990-йилларинг бошида мафияга қарши илк қонунлар қабул қилинди, сўнгги йилларда эса кураш янада кучайди. Якудзанинг ўзи эмас, балки у билан ҳамкорлик қилиш ноқонуний деб эълон қилинди. Бунга риоя қилмаган компаниялар банк хизмати ва биноларни ижарага олишдан маҳрум этилди, акциялари биржа савдоларидан олиб қўйилди. Бундай компания ходимлари ҳатто озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкин.

Бундай кескин чоралар натижасида якудзадан юз ўгираётганлар сони ошиб бормоқда. Якудзани кучсизлантиришнинг яна бир йўли: энди гуруҳнинг оддий аъзоси амалга оширган жиноят учун масъулият гуруҳ етакчисининг зиммасига тушади. Айтиш керакки, бундай усул яхшигина самара беряпти.

Японларнинг якудзага жамиятнинг бир белгиси сифатида қараши мафияга қарши курашни қийинлаштирмоқда. Жиноятчиларнинг қийин пайтда одамларга ёрдамга шошилиши мухлислари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Масалан, худди шундай ҳолат Фукусимадаги зилзиладан кейин кузатилди. Шундай бўлса-да, япон мафияси аъзоларининг сони тобора камайиб бормоқда, бу эса ҳукуматга якудза устидан ғалаба қозонишга умид уйғотади. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан