Аввал хабар қилганимиздек, 11 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Умра сафарини ташкил этиш ва ўтказиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи ва Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси вакиллари иштирок этишди.
МАВЗУГА ДОИР: Ҳажга қачон боришингизни биласизми ёхуд яна монополия ҳақида...
Тадбир бошида масъуллар “бизга умра сафарларини амалга ошириш бўйича ҳеч ким мурожаат қилмаган” дейишди, Лекин, тур фирма раҳбарлари Мусулмонлар идорасига қилинган мурожаатнинг нусхасини тақдим қилиб, ташкилотларнинг ўзи жавоб бермаётганини ёки фуқароларнинг мурожаатларига эътибор қилмаётганини айтишгач, Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси масъуллари гапни айлантириб, бошқа мавзуларга ўтиб кетди.
Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Муҳаммад Акмалхон Шокировнинг айтишича, ҳайъат қарорига кўра Умра ва Ҳаж зиёратлари ибодат бўлгани учун уларни Ўзбекистонда мусулмонларнинг ибодатларини мукаммал амалга оширишга жавобгар бўлган Мусулмонлар идораси томонидан ташкил этилиши мақсадга мувофиқ деб топилган.
МАВЗУГА ДОИР: Умра монополиясининг зарарлари ҳақида батафсил мақола (видео)
Шунингдек, ўзбекистонликларга хизмат кўрсатувчи яна бир монополия, Саудия Арабистонининг Ал-Ҳидоя ташкилоти ҳам Саудиядаги 500 дан ортиқ тур фирмалар орасида 2009 йиллардан буён Ўзбекистоннинг ягона ҳамкори сифатида фаолият юритаётгани қайд этилди. Айтилишича, улар ўзбекларнинг менталитетига киришиб кетгани ва нархларни тушириб бергани учун юртимиз мусулмонларига хизмат кўрсатиш Саудия Арабистонида фақатгина Ал-Ҳидоя ширкати томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ деб топилган.
Мусулмонлар идораси вакили Акмалхон Шокиров “Саудия Арабистонинг Ўзбекистондаги элчихонасидан Мусулмонлар идораси тақдим этган рўйхатдан ташқари бошқа фуқароларга, иложи бўлса, Умра визаси берилмасин“ деган мазмундаги илтимоснома киритилганини ҳам тасдиқлади.
Шунингдек, анжуманда Sof.uz мухбири ҳар куни Умра сафарига кетаётган 500 нафар зиёратчиларга бошчилик қиладиган имом-элликбошилар, шунингдек зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи шифокор ва ишчи гуруҳ аъзолари кимнинг ҳисобидан Саудия Арабистонига бориб келиши ҳақида сўради.
МАВЗУГА ДОИР: Мусулмонлар идораси Sof.uz колумнистини диний соҳадаги ислоҳотлардан бехабарликда айблади
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комиловнинг айтишича, имом-элликбошилар, шифокорлар, ошпазлар ва бошқа ишчи гуруҳ аъзолари харажатларининг бир қисми зиёратга кетаётган йўловчиларнинг ҳисобидан, қолган қисми эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳисобидан қопланишини маълум қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси бюджетининг асосий қисми масжидлардаги эҳсон қутиларига ташланган пуллар ҳисобидан шакллантирилиши туфайли, элликбошилар ҳам халқнинг пуллари эвазига умра ва ҳаж сафарларига бориб келиши таъкидланди.
МАВЗУГА ДОИР: Ўзбекистон Саудия Арабистонидан рўйхатдан ташқаридаги фуқароларга Умра визаси бермасликни илтимос қилган
Анжуман якунида ўз саволларига жавоб қидириб келган турли сайёҳлик фирмалари ҳам масъуллардан етарлича изоҳ олиша олмаганини таъкидлади. Уларнинг кўпчилиги, Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси вакиллари саволларга жавоб бермасдан, гапни айлантириш билан вақт ўтказганини ҳамда журналист ва блогерларнинг жуда кўплаб саволларига жавоб беришдан қочишганини айтишди.