Умра монополиясининг зарарлари ҳақида батафсил мақола (видео)

Умра монополиясининг зарарлари ҳақида батафсил мақола (видео)

Sof.Uz сайти бир неча ойдан бери Ўзбекистонда умра зиёратини ташкиллаштиришга қўйилган чекловлар, бутун бошли жараённинг мамлакат бўйича фақат икки ташкилот – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси ихтиёрига топширилгани, сайёҳлик фирмалари эса бу соҳага яқинлаштирилмаслиги, бир сўз билан айтганда “умра монополияси” ҳақида туркум мақолаларни эълон қилиб келяпти. 

Мавзуга доир: "RIXOS TOUR" раҳбари Ҳаж ва Умра монополияси ҳақида фикрларини билдирди

Куни кеча мамлакатдаги етакчи ахборот нашрларидан бўлган Kun.Uz ҳам ушбу мавзуда батафсил мақола тайёрлаб ўқувчиларга тақдим этди. Унда сайёҳлик фаолияти билан шуғулланаётган фирма раҳбарларининг фикрлари, умра ва ҳаж зиёратини ташкиллаштириш бўйича асосли таклифлар ва маълумотлар келтирилган.

Kun.Uz таҳририятига мурожаат қилган хусусий турфирмалар вакилларининг айтишича, белгиланган нархни зиёратчиларга яратиладиган шарт-шароитларга қараб 11 миллиондан 8 миллионгача тушириш мумкин. Бунинг учун хусусий туризм субъектларининг умра зиёратини ташкиллаштиришларига қўйилган сунъий тўсиқлар олиб ташланса кифоя. Улар айни пайтда ушбу йўналишда рақобат йўқлиги сабабли ҳам ҳозир нархлар қўшни мамлакатлардаги билан солиштирганда нисбатан қиммат эканини таъкидлашмоқда.

“Vast Travel” МЧЖ директори Мансуржон Расулжонов бу муаммолар Дин ишлари бўйича қўмита билан боғлиқлигини маълум қилди:

“Аслида умра зиёрати билан шуғулланишимиз учун қонунан ҳеч қандай тақиқ йўқ. Туризм фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиямиз бор. Ўзбекистондан ташқари барча мамлакатларда ҳаж ва умра зиёратини ташкиллаштириш билан туроператорлар шуғулланишади. Аммо фақат бизда эмас. Зиёратчиларни умра сафарига олиб боришимиз учун виза расмийлаштиришимиз керак. Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси виза сўраб борган ҳар қандай турфирмага рад жавоби беряпти”, дейди у.

Мавзуга доир: Умрадан дин ишлари бўйича қўмита манфаат кўрмаса, ким манфаат кўради ёхуд холис хизматлар нархи 5 миллион долларми?

Мансуржон Расулжоновнинг қўшимча қилишича, Саудия Арабистонида бугунги кунда жорий қилинган онлайн визалар тизимида виза талабномалари элчихоналар томонидан кўриб чиқилмайди, дунё бўйлаб бу иш аллақачон туроператорларга ишониб топширилган.

“Онлайн режим очиб қўйиладиган бўлса, исталган турфирма Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазирлиги рўйхатидан ўтиб, умра визасини чоп этиши мумкин, лекин бу имконият ўзбекистонликлар учун ёпиб қўйилган. Ўзбекистонликларнинг умра визалари ҳам электрон, лекин ҳалигача офлайн режимда берилади, яъни зиёратчиларнинг паспортлари элчихонага кириб-чиқиши керак.

Масалан, сиз Қирғизистон фуқароси бўлсангиз, паспорт маълумотларингиз асосида 5 дақиқа ичида умра визасини чиқариб бера оламан. Лекин ўзбекистонликлар учун бу имконсиз. Аслида Саудияда жорий қилинган “B2C” тизимига кўра, исталган давлат фуқароси ўзи мустақил равишда хоҳлаган умра пакетини онлайн тарзда харид қилади ва визани ҳам ўзи чиқариб олади. Бу тизимдан дунё бўйлаб ўзбекистонликлардан бошқа ҳамма фойдаланяпти. Сабаби меҳмонхона, транспорт, авиачипталарни сотиб олгач, умра визасини олишга келганда “Виза талабномангиз элчихона томонидан кўриб чиқиляпти”, деган мазмундаги хат келади. Элчихонага бориб, виза уриб беришни сўрасангиз, қандай ҳужжат тақдим этишингиздан қатъи назар, Дин ишлари бўйича қўмита рухсат берсагина визани уриб беришларини айтишади”, дейди у.

Мавзуга доир: Ҳажга қачон боришингизни биласизми ёхуд яна монополия ҳақида...

“Luxe Tour” хусусий сайёҳлик фирмаси раҳбари Алихон Ҳамидов четдан қараганда жараён силлиқлиги, турфирмаларнинг умра зиёратини ташкиллаштириши учун қонунан ҳеч қандай тақиқ йўқдай кўриниши, аммо туроператорлар умра визасини олиш учун элчихонага ва Тошкент-Жидда йўналишида жорий этилган мунтазам авиақатновлардан фойдаланиш учун “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпаниясига мурожаат қилинганда тақиқлар мавжудлигини сезишлари ҳақида айтиб ўтди.

“2019 йил апрель ойидан Саудия Арабистони томонидан умра визалари онлайн режимда берилиши бошланган. Лекин Ўзбекистондаги турфирмалар бундан фойдалана олмайди. Бунинг сабабини билмаймиз”, дейди у.

“Rixos Tour” оилавий корхонаси директори Шерзод Самиғжонов Ўзбекистондаги туроператорлар ҳам Қозоғистон ва Қирғизистондаги каби нархларни таклиф эта олишини таъкидлади.

“Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг туроператорлари томонидан умра зиёратини ташкиллаштириш учун 700 доллардан 900 долларгача нарх таклиф этилмоқда. Биз ҳам бундай қийматдаги таклифларни бериш имкониятига эгамиз. Масалан, Туризмни ривожлантириш қўмитаси мутасаддилари билан бирга ишлаб чиққан таклифимизга кўра, умра зиёратини 1190 доллар, бугунги курс бўйича 11,3 млн сўмга ташкиллаштирса бўлади. Бу пулга давлатникидан юқори савияда хизмат кўрсатиб бера оламиз”, дейди у.

Мавзуга доир: Сайёҳлик фирмаси директори 1100 долларга сифатли Умра зиёратини уюштириш мумкинлигини иддао қилди

Нима учун одамлар турфирмалар орқали умрага кетишни хоҳлашади? 

“Чунки оилавий, яъни эр-хотин, болалари билан бирга кетмоқчи бўлганлар давлат орқали кетолмайди. Сабаби 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг умрага боришига рухсат йўқ. Сурункали касалликка чалинган, аммо саломатлиги умра зиёратини адо этишга халал бермайдиган кўплаб беморлар ҳам биз орқали зиёратга боришади, давлат орқали бориш учун зиёратчилар соғлом бўлиши керак. Бундан бошқа кўплаб афзалликлар борлиги учун ҳам айни пайтдаги нархларимиз қимматроқ бўлишига қарамай туроператорлар орқали зиёратга кетаётганлар кўпчиликни ташкил этади”, дейди “Luxe Tour” хусусий сайёҳлик фирмаси раҳбари Алихон Ҳамидов.

Мақола охирида Kun.Uz нашри умра зиёратини ташкил қилишнинг амалдаги тартиби ва бу фаолият билан туроператорларнинг шуғулланишига айрим тўсиқлар мавжудлиги, шунингдек, хусусий туроператорлар томонидан билдирилган фикрлар ҳамда ўрганишлар давомида туғилган саволларга изоҳ олиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясига расман мурожаат йўлланганини билдириб ўтган. 

Мавзуга доир: Туризмни ривожлантириш қўмитаси умра зиёратидаги чекловларни олиб ташлашга чақирди

Sof.Uz нашри ҳам ушбу мурожаатга расмий ташкилотлар томонидан жавоб берилишини ҳамда юртдошларимизни қийнаб келаётган “умра монополияси”га қачон чек қўйилиши ҳақидаги саволларга асосли изоҳ кутиб қолади.