Умрани Ўзбекистонда Мусулмонлар идораси, Саудияда Ал-Ҳидоя ширкати амалга ошириши мақсадга мувофиқлиги айтилди (видео)

Умрани Ўзбекистонда Мусулмонлар идораси, Саудияда Ал-Ҳидоя ширкати амалга ошириши мақсадга мувофиқлиги айтилди (видео)

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун, 11 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Умра сафарини ташкил этиш ва ўтказиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи ва Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда Умра зиёрати билан боғлиқ масалалар, асосан, хусусий туристик компанияларга зиёратларни амалга ошириш учун рухсат бериш масаласи кўтарилди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Муҳаммад Акмалхон Шокировнинг айтишича, ҳайъат қарорига кўра Умра ва Ҳаж зиёратлари ибодат бўлгани учун уларни Ўзбекистонда мусулмонларнинг ибодатларини мукаммал амалга оширишга жавобгар бўлган Мусулмонлар идораси томонидан ташкил этилиши мақсадга мувофиқ деб топилган.

“Бу ерда ҳеч қандай тур фирмалар ташкил қилинсин, [умрани зиёратига олиб бориш] тур фирмаларга берилсин деган гап йўқ” дейди Мусулмонлар идораси ходими.

Шунингдек, ўзбекистонликларга хизмат кўрсатувчи яна бир монополия, Саудия Арабистонининг Ал-Ҳидоя ташкилоти ҳам Саудиядаги 500 дан ортиқ тур фирмалар орасида 2009 йиллардан буён Ўзбекистоннинг ягона ҳамкори сифатида фаолият юритаётгани қайд этилди. Айтилишича, улар ўзбекларнинг менталитетига киришиб кетгани ва нархларни тушириб бергани учун юртимиз мусулмонларига хизмат кўрсатиш Саудия Арабистонида фақатгина Ал-Ҳидоя ширкати томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ деб топилган.