Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ура-урачиликка қарши курашаётган ура-урачилар
4.04.2017 09:31,  
28

Ҳурматли инсонлардан бири мендан телевидение танқидига бағишланган мақола ёзиб беришимни сўради. Одатда буюртма мақолалар ёзмайман. Журналист бўлмаганим учунми, мажбурий мақолалар ёза олмайман. Шунчаки илҳом келганда у-бу нарса қоралаб қўядиган одатим бор.

Сўнгги бир неча кундан бери ўзбек тилидаги сайтлар телевидениени танқид қилишдан бўшамай қолди. Қатордан қолмайлик дегандай, ҳамма бирданига ТВни ёмонлашга ўтди. Ҳатто, ўз вақтида ўша «Ахборот»ни гуллатган, «Давр» сурган кишилар ҳам миллий телеканалларимиздаги янгиликлар дастурига тош ота бошлашди. Ахборот тарқатувчи сайтлар ойнайи жаҳонни танқид қилган мақолалар билан тўлиб-тошди.

Журналистикамизда қаердан бунча чаққонлик? Қаердан бунча жасурлик? Қаердан бунчалик катта юрак? Қаердан бунчалик танқидга ўчлик? Таҳлилу танқидларни эринмасдан ўқирканман, болалигим ёдимга тушди. 15 йиллар муқаддам ўзбек телеканалларидан бирида «Шахсий фикр» номли кўрсатув бўларди. Шу дастурни интиқлик билан кутар, мароқ билан томоша қилардим. Кўрсатувда томонлар бир мавзу атрофида баҳслашишарди. Баҳс мавзуларини тушунишга кўп ҳам ақлим етмагани рост. Бироқ кўрсатувда илгари сурилган ғоя аҳамиятли эди.

Ҳозир Ўзбекистон телеканалида ўша кўрсатув савиясидаги бирор дастур бор-йўқлигини ҳам билмайман. Боиси телевизор кўрмай қўйганимга анча бўлган. Бошловчи дастурни доимо битта гап билан якунларди: «Тўғрими-нотўғрими, ўзингизнинг шахсий фикрингиз бўлсин!»

Шахсий фикрга эга бўлиш нима учун бунчалик муҳим? Қадим донишмандлардан бири: «Инсонлар фикрлашдан тўхтаган кунлари яшашдан ҳам тўхтайдилар» деб бежизга айтмаган бўлса керак?

Мавзуга қайтамиз. Танқидий мақолаларни кузата туриб, ҳамма бирдан ботирга айланиб қолганининг сабабини ахтараман. Бир ҳафта муқаддам ҳам биров матбуотда телевидениени танқид қилмаётган эдику, нега тўсатдан ҳамма ТВни ёмон кўриб қолди, дея ҳайратланаман. Ёки бир ҳафта-ўн кун бурун телевидениеда ҳаммаси жойидамиди? «Ахборот» фақат кеча шундай савиясиз даражага тушиб қолдими?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ахборот»ни танқид қилмасидан бурун бугун ТВ ҳақида мақола ёзаётганлар қаерда эди? Мазкур дастурда бир неча йиллар ишлаган тажрибали мутахассислар атиги 10 кун муқаддам нима билан машғул эдилар? Таҳлил деган нарсанинг «т»си бўлмаган «Таҳлилнома»да хизмат кўрсатган журналистлар унинг савиясини энди билиб қолишдими?

Узоқ йиллардан бери «Ахборот»дан ахборот олмайман. Интернет йўқ пайтларда телевизоримиз фақат иккита каналдан кўрсатар, юртимизда бўлаётган сиёсий воқеалардан хабардор бўлиш учун «Ахборот»ни эринмасдан кузатардим. Бир сафар қайсидир вилоятда очилган янги тикув фабрикаси ҳақидаги хабар уч ой ўтиб, худди янги хабардек бошқатдан тақдим қилингани ҳамон ёдимда.

 «Ахборот»да нуқул байрам, бунёдкорлик, ҳаётимиз тўкис, таъбир жоиз бўлса, ҳаммаёқ гулзор-чаман бўлгани ҳолда, Шавкат Мирзиёев юртимиздаги камчилик ва муаммоларни ҳукумат мажлисида санаб берганда, ана энди бу дастур ўзгаради, деган хаёлга ҳам боргандим. Адашган эканман. Шундан кейин ҳам бу дастур ижодкорлари унинг қиёфасини ўзгартиришмади. Фарғонадаги завод портлаганда, «Ахборот» воқеа жойидан бирор репортаж ёхуд қисқагина хабар берармикин деб кутганимда ҳам чучварани хом санаганимни тушуниб етдим.

Президентнинг кўп соҳаларга танқидий кўз билан қараши кўп қатори менга ҳам маъқул келди. Айниқса, телевидениедаги ура-урачилик танқид қилингани яхши бўлди. Энди ТВмиз савияси кўтарилишидан умид бор. «Ахборот» президентнинг танқидидан сўнг балки яхши томонга ўзгариб улгургандир, эҳтимол. Ҳеч бўлмаганда, камчиликни бартараф қилиш учун ҳаракат бошланган бўлса ҳам ажаб эмас. Миллий телерадиокомпанияда давлат раҳбарининг гапини икки қиладиган даражада нодонлар ўтирмагандир, деб умид қиламан.

Тан олиш керак, охирги пайтда ўзбек матбуоти ва интернет ОАВларида танқидий материаллар кўпайиб қолди. Бу, шубҳасиз, журналистикамиздаги жуда улкан ижобий ўзгариш бўлди. Яқин ўтмишда ҳам барча нашрлар «Ахборот»нинг даражасида эди. Секин-аста гулзоримизда тиканлар ҳам борлигини тан ола бошладик. Бу яхши. Интернет ОАВлари савияси кўтарила бошлади ҳамки, телевидение тепса-тебранмасдек қотиб тураверди. Танқидга ўрганиб олган нашрлар телевидениени ҳам ўзгартиришни исташаётгани аслида қувончли ҳол бўлиши керак эди. Аммо...

Кампаниявозликни, ура-урачиликни хуш кўрамиз. Ҳамма бир нарсани ёмонлаётган бўлса, қўшилишиб лой чапламагунча кўнглимиз тинчимайди. Ҳамма бир нарсани мақтаётган бўлса, биргаликда ҳамду сано ўқимасак, кўнглимиз жойига тушмайди, гўё. Ҳамма телевидениени ёмонлаяптими, демак, бунда бир гап бор. Улоққа қўшилиб, бирга ёмонлайверайликчи – уёғи бир гап бўлар. Бизнинг ҳаётий ақидамизга айланиб қолди бу ҳайбаракаллачилик.

Қачонгача раҳбарлар биз учун ҳам фикрлаши керак? Қачонгача мамлакат президенти бирор соҳани танқид қилишини кутиб ўтирамиз? Президентимизнинг ҳар бир ижтимоий-маиший муаммо ҳақида бош қотириб, уни танқид қилишдан бўлак иши йўқми? Фикрсизлик, онгдаги бўшлиқ бизни ҳайвонга тенглаштириб қўймаяптими? Ҳайвонлардан ягона фарқимиз ҳам ўзи шу ақл деган неъмат эмасми? Журналист дегани кўрсатма асосида эмас, ўз ақли, тафаккурига суяниб мақола ёзиши керак эмасми?

Ҳамма бир қолипга сиғмаслиги, ҳамма битта нарсани ўйламаслиги табиат қонуни экан, битта мавзуда зўрма-зўраки мақола ёзаверишдан тийилиб, мустақил дунёқараш ва шахсий фикрга таяниб ижод қилинса, жамият мукаммал бўлса керак, назаримда. Ана шунда журналистикамиз ранг-баранглашган бўларди. Ана шунда танқид қилинажак навбатдаги соҳа қайси бўларкин, деб кутиб ўтирмасдик. Ана шунда Шавкат Мирзиёев ҳам ҳар бир маиший-ижтимоий муаммолар ҳақида бош қотириб овора бўлмас эди, дейман-да.

 «Жамиятимиздаги энг катта иллат нима?» деган саволга бемалол, «Биз учун бошқалар фикрлашини хоҳлаётганимиз», дея жавоб берган бўлардим. Тараққий этган ғарб мамлакатларига назар солайлик. У ерда журналистлар майда-чуйда муаммоларни ҳал қилишда давлат раҳбари аралашишини кутиб ўтиришмайди. Биз ҳам бу тажрибани ўрганишимиз мумкин. Ўрганиш қўлимиздан келади. Фақат дунёқарашимизни ўзгартиширишимиз керак. Энди эскича яшаб бўлмайди. Қотиб қолган кадрларга янгича замонда ўрин йўқ.

Бугун телевидениени ёмонлашдан осони йўқ. Телеканалларимизнинг асл башарасини очиб ташлаган «довюрак» журналистнинг мушугини биров пишт дея олмайди. Ғиринг деб кўрсинчи қани? Аммо бу танқидлар вақтинчалик, холос. Кўп ўтмай «жасур журналистлар» телевидение ҳақида ёзишни эсдан чиқарадилар. У пайтда танқид қилиш учун бошқа мавзу топилган бўлади. Ҳамма галалашиб ўша мавзу атрофида ўралаша бошлайди.

Телевидениени қоралаб, буюртма берилган мақолани ёзишим ҳам мумкин эди. Телеканалларимиз савиясизлигини кўрсатувчи сабаблар истаганча топилади. Ҳамма ёмонлаб ётибди, мен ҳам ёзсам нима қиларди? Ёзмаганим билан нима ўзгаради? Табиатим шунақа: оқимга қарши сузишни яхши кўраман (ваҳоланки, сузишни билмайман, сабаби сувдан ўлгудай қўрқаман). Ҳамма юраётган томонга оломон билан юргим келмайди.

Бу қайсарлик ёки манманлик аломати эмас. Шунчаки ҳайбаракаллачиликни, ура-урачиликни, кампаниявозликни жиним суймайди. Телевидение ҳақида қачондир – бу мавзу ҳамманинг эсидан чиққан пайтда ёзишим мумкин, эҳтимол. Бугун ТВ ҳақида ёзгим келмади. Телевидение ходимлари олдин шунча танқидни кўтариб олишсин-чи, кейин бир гап бўлар.

Индамасхўжа Камгапхўжа ўғли

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан