Урганчда бузилган уйига товон пули ололмаган одамлар катта йўлни ёпиб қўйди

Урганчда бузилган уйига товон пули ололмаган одамлар катта йўлни ёпиб қўйди

Урганчда бузилган уйига товон пули ололмаган одамлар 26 июл кечаси Урганч – Хонқа автомобил йўлини тўсиб қўйди. Бу ҳақда бир неча маҳаллий ОАВ хабар берди.

Йўл тўсиш акциясида 200 га яқин одам иштирок этган, деб хабар беради Gazeta.uz вилоят ҳокимлигининг ҳисоб-китобига таяниб. «Озодлик» мингга яқин одам ҳақида гапирмоқда. Лекин ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога қараганда, вилоят ҳокимлигининг ҳисоб-китоби ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди.

Норозиликка авваллари Хоразм вилояти Урганч шаҳрининг Ашхобод кўчасида истиқомат қилган, уйи бузилиб Урганч тумани Чандирқиёт қишлоғидан ер ажратиб берилган оилалар ҳокимликдан товон пулини ололмаётгани, қурилиш материаллари нархи ҳаддан ортиқ ошиб кетгани сабаб бўлган.

«26 июл куни Чандирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва далада чодир ва чартак (капа) қуриб яшаётган, аммо бир-икки ойдан бери компенсация пулини ололмаётган аҳолининг сабр косаси тўлган. Шу куни соат тахминан 21:00 да улар Урганч – Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсишди», – деб ёзади Kun.uz мухбири.

Натижада бир неча соат давомида катта йўлда автомобиллар ҳаракати тўхтаб қолди.

«400 дан ортиқ оилага қоп-қоп ваъдалар бериб, уйларини бузиб, Чандирқиёт қишлоғидаги далага кўчириб ташлашди. Сув йўқ, чангу тупроқда аҳоли бир неча ойдан буён азоб билан яшаяпти. Бир ой аввал хом ғишт 180 сўм эди, ҳозир 250 сўмга чиқиб кетди, пишган ғишт 650 сўм эди, энди 850-900 сўмга чиқди. Усталарнинг иш ҳақи икки баравар ошди. Уйларни бузишдан олдин 50 фоиз пулини бериб, чайлага борсанг қолган 50 фоизини бераман деди. Халқ бунга ҳам рози бўлди. Ҳаммани чайлага 100 фоиз чиқариб олганидан сўнг пул бериш тўхтатилди», – деб келтиради «Озодлик» норозилик намойишида қатнашган урганчликларнинг фикрини.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов аҳолини тинчлантириб, 27 июл куни эрталаб соат 8:00 да шу жойнинг ўзида ишчи гуруҳини тузиб, аҳоли вакиллари билан музокара ўтказиб, муаммоларнинг ечимини топишга ваъда берганидан сўнг одамлар тарқала бошлади. Соат тахминан 23:30 да Урганч – Хонқа йўли очилди ва транспортларнинг ҳаракати тикланди.

Фарҳод Эрманов ҳар бир хонадон вакили билан учрашиб, ажратилган ернинг миқдоридан норози бўлганларга, ногиронларга, ҳомиладор аёллари бор оилаларга қўшимча ер ажратиш, товон пулидан 10 фоиз миқдоридаги маблағнинг ушлаб қолинишини бекор қилиш ҳақида кўрсатма берди.

Вилоят ҳокими шунингдек 5 миллиард сўм миқдорида товон пули рўйхат бўйича тарқатилиши, 1 августгача яна 15 миллиард сўм берилиши, натижада ҳамма 50 фоиз миқдоридаги товон пулини олиши, 10 августгача эса барча хонадон эгалари билан компенсация миқдори 100 фоиз ҳисоб-китоб қилиниши ҳақида ваъда берди, деб ёзади Kun.uz