Уруш даврида яҳудийларга қучоқ очган Ўзбекистон ҳақида фильм намойиш этилди

Уруш даврида яҳудийларга қучоқ очган Ўзбекистон ҳақида фильм намойиш этилди

Ўзбекистоннинг Улуғ ватан урушидаги (Иккинчи жаҳон уруши) ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида эшитмаган одам топилмаса керак. Совет Иттифоқининг бошқа қисмларидан эвакуация қилинган завод ва фабрикалар ҳамда минглаб одамларни ўзбеклар қучоқ очиб кутиб олган. Айни вақтда минглаб ўзбек йигитлар фронтга кетган, айримлари кўкси медалларга тўлиб қайтган бўлса, бошқалари жанг майдонларида ҳалок бўлган ёки бедарак кетган. Улар доим хотирамизда.

Яна бир ҳиссаси – минглаб етим болаларни қабул қилиш ва уларга янги ватан ва янги оила бўлишдан иборат бўлган.

Бундай болалар ҳозирда улғайиб кексайди ҳам. Улар турли миллатга мансуб бўлган, орасида хусусан яҳудийлар кўп бўлган. Мана шундай яҳудийларнинг уруш бошланишидан кўп ўтмай Ўзбекистоннинг турли шаҳарларига етиб бориши, у ерда катта бўлиши, ўзбеклар билан қадрдон бўлиб кетиши ҳақида Ню-Ёркда янги ҳужжатли фильм суратга олинди.

«Болаликнинг сўнгги ёзи»

«Болаликнинг сўнгги ёзи» (Последнее лето детства) деб номланган бу фильм ўтган ҳафтада Бруклиндаги «Лаззат» ресторанида бир гуруҳ ватандошларга тақдим этилди. 

Фильмни асл тошкентлик ҳуқуқшунос, ҳозирда Нью-Йоркда яшайдиган Вячеслав Шатохин ҳамда тошкентлик режиссор ва журналист Наби Раззоқов яратган.

«Бу фильмни яратиш ғояси менга қарийб 10 йил аввал келган. Кўнглимга тугиб қўйганимни мана энди амалга ошира олдим. Бу давр мобайнида материал тўпладим, одамлар билан суҳбатлашдим, филм учун қаҳрамонларни топдим, улар билан почта орқали ёзишдим, кўришдим. Филмни яратиш учун маблағ изладим,» – дея ҳикоя қилади Шатохин.

«Наби Раззоқов билан танишишдан олдин мен бошқалар билан ишламоқчи бўлганман, лекин Наби ака ҳеч қандай пул ҳам сўраб ўтирмай, бу ишга мен билан бирга катта қизиқиш ва фидокорлик билан киришди. Оқибатда мана бундай қўшма лойиҳа вужудга келди,» – дея давом этади суҳбатдош.

Сал кам бир соатлик бу фильмда Калифорниядан тортиб Нью-Йоркнинг Бруклинигача – АҚШнинг бир неча штатида истиқомат қиладиган одамларнинг шахсий ҳикояларини эшитасиз. Уларнинг бари – ҳозирда кекса. Бари – яҳудий, уруш бошланганида Ўзбекистон шаҳарларига оиласи, ота-онаси ёки етим бўлиб эвакуация қилинган, бари ўзбеклар билан ёнма-ён яшаб, катта бўлган. Йирик олим, ҳуқуқшунос ва бошқа касблар вакиллари бўлиб етишган.

Шатохин ва Раззоқов улар билан учрашиш учун собиқ тошкентликлар ҳозирда яшайдиган шаҳарларга борди, камерани ёқишдан олдин обдон суҳбатлашди. Чунки камера ортида ҳам, у ишлаб турганида ҳам суҳбат ниҳоятда ҳаяжонли кечди.

Фильмда менда энг катта таассурот қолдирган дамлардан бири ҳам шундай. Опа-ука камерага қараб Ўзбекистондаги болалик даври ҳақида гапиради, шу пайт сочлари оппоқ кекса очликдан қийналганини эслайди, овози бўғилиб, бошини пастга қаратганча йиғлаб юборади. Опаси эса уни юпатади, унинг ҳам кўзлари жиққа ёш.

Кекса опа-ука баробарида қатор бошқа аёл ва эркаклар ўз хонадонида, ўзи, фарзандлари ва набиралари расмларини ёнига қўйиб олиб, ўша қийин давр ҳақида ҳикоя қилади, ўзбекларга, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбарияти ҳамда қўшни бўлган одамларга ташаккур билдиради. Баъзилари ўзбекча шеърлар ўқийди. Ўзбек халқини улуғлайди, ўзбеклар бўлмаганида биз тирик қолмасдик, умрбод ўзбеклардан миннатдормиз, дейди.

фильмни томоша қилар эканман, ҳўнграб йиғлагим келди. Мана, менинг ватамимнинг ҳақиқий қиёфаси. Бу сафар уни АҚШда яшаётган америкалик яҳудийлар кўрсатиб бермоқда, деб ўйладим.

Юқоридаги расм – филмни суратга олиш жараёнидан. Унда болалигида Ўзбекистонга эвакуация қилинган яҳудий аёл билан Вячеслав Шатохин суҳбатлашмоқда. Камерани созлаётган одам эса – Наби Раззоқов.

«Болаликнинг сўнгги ёзи» филмини кенгроқ жамоага намойиш қилиш ташаббуси билан чиққан «Ватандош» Ўзбек-Америка федерацияси бу тадбирга Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси вакилларини ҳам таклиф қилди. Тадбир санаси ҳозирча маълум эмас.

Шу билан бирга фильм Квинсдаги «Узоқ умр» кексалар марказида 15-март куни соат 10:00 да намойиш қилинади.

Гулноза Саид

2699