Усмонхон Алимов муфтийликдан кетди. Хабар тасдиқланмади

Усмонхон Алимов муфтийликдан кетди. Хабар тасдиқланмади

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. Бу ҳақда Азон.уз нашри ўз манбаларига асосан хабар бермоқда.

Бугун муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон халқаро Ислом академиясида Бош вазир Абдулла Орипов бошчилигида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, унинг вилоят вакилликлари ходимлари, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти иштирокида ўтказилаётган мажлисда ишдан олинган.Шунингдек, Азон.уз манбаси ҳозирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби лавозимида ишлаб турган Хайруллоҳ домла Турматов муфтий этиб тайинлангани хабар қилган.

Бундан аввалроқ, ушбу мажлис ҳақида ижтимоий тармоқларда турли хил маълумотлар тарқатилган эди. Хусусан, мажлисга чақирилган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакилликлари ходимларининг харажатлари аҳоли томонидан “Вақф” фондига эҳсон қилинган пуллардан тўлаб берилгани ҳақидаги хабар турли мунозараларни келтириб чиқарди. Лекин ушбу мажлис ва мажлисга келган вакиллик ходимларининг харажатлари ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам, Вақф фонди ҳам доимгидай жимлик сақламоқда.

Усмонхон Алимов – 1950 йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олган. Узоқ йиллар давомида Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий” жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. 2000–2006 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили бўлиб хизмат қилди. 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланди.

Бу хабар чоп этилгандан 2,5 соат ўтиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу хабарни рад этиб, раддия берди. Азон.уз муҳаррири ишдан олинди.

7792