Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Устоз ёди. Шахсияти ҳам илмидек баланд олим
23.11.2019 17:43,  
774

Илм олиш игна билан қудуқ қазишдек мураккаб иш дейилганда буям доно халқимизнинг бир ҳикмати-да деб қўямиз. Асл мазмунини эса илм йўлидан юрганлар кўпроқ ҳис қилади. Бугун Ўзбекистон олимларининг ёрқин вакили, мамлакат илм-фанига жуда катта ҳисса қўшган, ўзининг илмий мактабига эга бўлган устоз Маҳмуд Салоҳиддинов ҳақида суҳбатлашсак.

Мен устознинг биографияси, чоп этган илмий мақола, монография, дарсликлари, олган мукофотлари ҳақида батафсил ёзмоқчи эмасман. Бу ҳақида етарлича ёзилган. Худо хоҳласа, кейинги йилдан Ўзбекистон математикларига бағишланган алоҳида сайт ишга тушса, Маҳмуд Салоҳиддиновичга бағишланган саҳифа бу борада яхши манба бўлиб хизмат қилади. Бугун мен шогирд сифатида устознинг инсонийлик томонларига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Маҳмуд Салоҳиддиновични биринчи марта 2001 йили Фарғона давлат университетида ўтказилган илмий анжуманда кўрганман, лекин бевосита гаплашмаганман. Кейинчалик, ўша йилнинг охирида Тошкент шаҳрига, Математика институтига шогирд-тадқиқотчи мақомида келганимда устоз билан суҳбатлашганим ҳануз эсимда. Жуда самимийлик билан менга катта ишонч билдирган шундай катта олим кўзимга янада катталашиб кўринган. Кези келганда айтишим керакки, Маҳмуд Салоҳиддинович билан суҳбатлашганингизда ўзингизнинг тарихий шахс билан суҳбатлашаётганингизни ич-ичингиздан ҳис қилиб турасиз. Табиий салобатга эга эдилар. Ҳар қандай баланд рутбали амалдор ҳам Маҳмуд Салоҳиддиновични танимаса-да қаршисида том маънода катта ШАХС турганини ҳис қиларди. Устоз ҳар бир гапини чертиб гапирар, майда гапларга хуши йўқ эди. Кескинлик, қарама-қаршилик келтириб чиқарувчи вазиятлардан имкон қадар ўзларини узоқ тутардилар.

Илм излаб Сибир совуқларига ҳам дош бериб устозлари Андрей Васильевич Бицадзе билан биргаликда хусусий ҳосилали дифференциал тенгламаларнинг янги синфига оид фундаментал тадқиқотлари кейинчалик устозни Ўзбекистонда ёш бўлишларига қарамай юксак лавозимларга лойиқ кўрилишларига сабаб бўлди. Маҳмуд Салоҳиддинович турли даражадаги масъулиятли лавозимларда сидқидилдан ишлаганлари, илм-фанни ташкиллаш, замонавий йўналишларни Ўзбекистондаги кейинги ривожида қўшган ҳиссаларини замондош ҳамкасблари эътироф этишади. Ҳукуматнинг юксак мукофотлари буни тасдиқлайди.

Кўп сонли шогирдлари, шогирдларининг шогирдлари Маҳмуд Салоҳиддиновичнинг илмий йўналишларини ривожлантириб катта бир илмий мактаб яралишига сабабчи бўлдилар. Дунё бўйича соҳа мутахассисларини Ўзбекистон математикасида дифференциал тенгламалар бўйича олинаётган янги илмий натижаларни кузатиб боришларига яхши маънода мажбур қилишди. Ўз даврида Маҳмуд Салоҳиддиновичнинг фикрини, қўлловини кўзлаб нечта олимларнинг Тошкентга келиб-кетганларини кўп гапиришади.

Маҳмуд Салоҳиддинович ўзбек тилидаги илмий ресурсларни кўпайиш тарафдори сифатида бу йўлда кўп меҳнат қилдилар. Мен интеграл тенгламалар, математик физика тенгламаларига оид дарсликларни ёзилиш жараёнларига гувоҳ бўлганман, домланинг қўлёзмаларини кўрганман. Ҳалигача табаррук ёшда шундай фаол ишлаш мумкинлигидан ажабланаман.

Турли давраларда устознинг менга назари тушган деб мақтаниб юраман. Аслида Маҳмуд Салоҳиддинович барча шогирдларини бирдай эъзозлаган, имкон қадар қўллаган. Уларни илм йўлидан кетишга тарғиб қилган. Шу йўлда кетганларини доимий қўллаб турганлар. Шу жумладан, мен ҳам устознинг қўлловида эдим. Умрининг охирларигача бу қўлловни тўхтатмадилар. Сафарга кетаётганимда устоздан дуо олгани сиҳатгоҳга борганимда ҳар доимгидек дуо қилдилар, оқ йўл тиладилар. Мен устозни охирги марта кўриб турганимдан бехабар эдим. Сафардан қайтиб докторлик ишини ҳимоя қилишни режалаштирган, устоз 17 йил олдин билдирган ишончларини шу йўл билан оқламоқчи эдим. Афсус, буям армон бўлиб қолди. Энди вақти-вақти билан хонадонларида ҳамиша бизни улуғ меҳмонлардек қадрлаб кутиб оладиган устознинг турмуш ўртоқлари, бир умр устозга ҳамфикр, тиргак бўлиб юрган кайвони аёлини кўргани бориб тураман. Устозни эслаймиз, янги куч билан айни ишлайман деган ғайратда эдилар, деб куюнадилар. Маҳмуд Салоҳиддинович илм-фанга берилаётган бошқача эътибордан ҳақиқатдан ҳам руҳланган эдилар, кўп режалари бор эди.

Кўпчилик қатори, мен учун Маҳмуд Салоҳиддинович олим ва арбобнинг ёрқин намунаси бўлиб қолади. У кишининг шахсияти ҳам худди илмидек баланд эди. Бугун туғилган кунларида ушбуларни ёзарканман, таассуротларимни мингдан бириниям ифодалай олмаганимдан хафа бўлдим. Мана бу расмдаги нигоҳ менга доим таскин, куч беради, ўзим тушунмайдиган илмга ундовчи ҳисни пайдо қилади. Охиратингиз обод бўлсин, устоз!

Маълумот учун

Маҳмуд Салоҳиддинов - физика-математика фанлари доктори, профессор, ЎзР ФА ҳақиқий аъзоси, Ислом академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Фан арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати. 1933 йилнинг 23-ноябрида Наманган шаҳрида туғилган. 1950 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг физика-математика факультетига ўқишга кириб, 1955 йилда математик анализ кафедрасини муваффақиятли тамомлади. Аспирантурани 1958 йили тамомлаб, номзодлик ишини ёқлади. 1967 йили эса фан доктори илмий даражасини олди. Маҳмуд Салоҳиддиновнинг 250 дан ортиқ илмий мақоласи, 5 та монография, 6 та дарслик, 6 та ўқув қўлланмалари чоп этилган. 1967-1985 йилларда ЎзР ФА Математика институти директори, 1984-1985 йилларда ЎзР ФА вице-президенти, 1988-1994 йилларда ЎзР ФА президенти лавозимларида фаолият юритган. 1985-1988 йилларда олий ва ўрта махсус таълим вазири сифатида фан ва таълим интеграциясига улкан ҳисса қўшган. 1962 йилда ташкил қилган республика илмий семинарга умрининг сўнгига қадар раҳбарлик қилди. М.Салоҳиддинов раҳбарлигида 9 нафар фан доктори, 38 нафар фан номзоди ўз илмий даражаларини ҳимоя қилган. 1976 йилда “Халқ таълим аълочиси”, 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати”, 2007 йилда “Буюк хизматлари учун” ҳамда 2017 йилда “Фидокорона меҳнатлари учун” орден ва медаллари билан тақдирланган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, В.И.Романовский номидаги Математика институти катта илмий ходими, физика-математика фанлари номзоди Эркинжон Каримов

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан