UzAuto Motors Equinox устига 47 фоиз нарх қўйиб сотаётгани маълум бўлди

UzAuto Motors Equinox устига 47 фоиз нарх қўйиб сотаётгани маълум бўлди

Давлат харидлари порталидаги ахборотга кўра, «UzAuto Motors» АЖ АҚШнинг General Motors Overseas Distribution LLC компанияси билан 2019 йил 27 ноябрда шартнома тузган. Орадан бир ой ўтиб, UzAuto Motors Тошкентда Equinox ва яна 3та премиум сегментдаги моделлар тақдимотини ўтказган эди.

Шартнома қиймати (CPT/CIP) 199,9 млн доллар ёки шу моделдаги ҳар бир автомобил учун 22,8 минг долларга тенг бўлган.

CIP нархи (carriage and insurance paid) – шартнома тузилган маҳсулотнинг нархи ичига етказиб бериш ва харидор фойдасига суғурта харажатлари ҳам қўшилганини англатади.

Ўзбекистонда Equinox 33,6 минг доллардан сотилмоқда. Бу эса ушбу автомобил нархи импорт қийматидан 10,8 минг доллар ёки 47 фоизга юқори эканини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда нархи 40 минг доллардан ортиқ автомобилларни Ўзбекистонга божсиз олиб киришга рухсат берилганди. Аммо 2020 йил бошидан UzAuto Motors қиммат нархдаги тўртта импорт автомобил сотувини йўлга қўйгач, бизнес-класс автомобиллар учун божсиз тартиб бекор қилинди.

Таъкидлаш жоиз, монопол корхонага хориждан автомобил импорт қилишда яширин тарзда эксклюзив имтиёзлар берилган бўлиши мумкин. Компания импорт автомобиллар учун белгиланган бож ва утилизация йиғимини тўламаётгани эҳтимолидан келиб чиқиб, октябрь ойида бир гуруҳ депутатлар Божхона қўмитаси ва Молия вазирлигига сўров юборганди.

Сўровга божхоначилар «махфий маълумотлар» ёзилган жавоб йўллашган. Молия вазирлигининг жавоби ҳақида жамоатчиликда маълумот йўқ.