«UzAuto Motors» халққа ошноми ёки бу «Камбағални туяни устида ҳам ит қопади» деганими?​

«UzAuto Motors» халққа ошноми ёки бу «Камбағални туяни устида ҳам ит қопади» деганими?​

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев “UzAuto Motors” бир қатор маҳсулотлари нархини оширганини танқид қилди.

“Мамлакатдаги ягона енгил автомобил ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланган “UzAuto Motors” бир қатор маҳсулотлари нархини тўсатдан оширди. Бу халқимизнинг норозилигига сабаб бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва “Адолат” СДП фракцияси аъзоси сифатида ушбу ҳолатда халқимизнинг эътирозлари ўринли деб биламан.

МАВЗУГА ДОИР: «UzAuto Motors» расман автомобил нархларини оширди (янги нархлар)

Қаердаки, мавҳумлик, ёпиқлик бўлса, ўша ерда саволлар, норозиликлар кўпаяверади. Шу боисдан барча соҳаларда очиқлик, ошкоралик сиёсати олиб борилаётган бир шароитда мамлакатимиз аҳолисини енгил автомобил билан таъминловчи якка-ю-ягона корхона, ҳеч қандай тушунтиришларсиз, огоҳлантиришсиз маҳсулотлари нархномасини янгилаб қўйди. Бу эса автомобил бозоридаги нархларини кескин ошиб кетишига сабаб бўлиши ҳаммамизга аён. Ўз-ўзидан халқимизда саволлар келиб чиқмоқда ва ҳозиргача бирорта масъул жавоб беришга шошилмаяпти. Биз кимга, нимага гапиряпмиз ўзи?

Шундай бўлса ҳам “UzAuto Motors” мутасаддилари қуйидаги масалалар бўйича ўз муносабатини билдиришидан умид қилиб қоламиз. Ҳар қалай депутатлар улар ишлаб чиқараётган машинанинг энг асосий харидори ҳисобланган шу халқнинг вакиллари ҳисобланади.

Биринчидан, нега “UzAuto Motors” на сайтида, на бирор бир бошқа оммавий ахборот воситаларида нархлари ошганини расмий хабар ва тушунтириш тарзида маълум қилмаяпти? Худди айб иш қилаётгандек, сайтнинг ички қисмидаги нархномани ими-жимида янгилаб қўйиш, эълон қилишга кирмайди.

Иккинчидан, хўп нархлар ошишга ошибди. Бироқ нима сабабдан, умумий қилиб қайси омиллар туфайли ошганини истеъмолчи билишга ҳаққи борми ёки йўқми?

Учинчидан, нега айнан халқимиз орасида энг талабгор ҳамда “эконом” ҳисобланган Damas, Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti каби автомобиллар нархи оширилмоқда. Ойликка қараб қолмаган, нисбатан ўзига тўқлар харид қиладиган Malibu 2, Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe нархлари эса ўзгартиришсиз қолмоқда. Ёки бу “Камбағални туяни устида ҳам ит қопади” нақлининг амалдаги ифодасими?

Тўртинчидан, оширилган нархлар экспортга чиқарилаётган машиналарга тааллуқлими? Ўзи нима учун “UzAuto Motors” ҳанузгача экспортга ички бозордан анча арзон нархда автомобил сотмоқда. Мисол учун бизда 30 000 минг АҚШ долларидаги Malibu 2, бошқа давлатларда икки баробар арзон нархларда сотилмоқда. Агарда буни валюта оқимини кўпайтириш билан деб изоҳламоқчи бўлсангиз, бошқа янгироқ баҳона топинг, ҳозир банкларимизда истаганча валюта харид қилишингиз мумкин.

Бешинчидан, мамлакатимиз ички бозорида ҳамёнбоп автомобиллар сотуви бўйича бошқа давлатлар автомобиллари сотуви йилдан йилга ошиб бораётган бир шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчимизнинг нархларни ошириш тўғрисидаги қарори қайси бозор қонуниятларига тўғри келади? Бу очиқдан-очиқ бозорни қолганларга бўшатиб қўйишга ҳаракатга ўхшаб кўринмаяптими? Ёки сунъий равишда касодга (банкрот) учратиш назарда тутилганми, агар ундай бўлса 20,0 минг яқин ишчилар, қоракўзларимиз тақдири нима бўлади?

Хуллас саволлар кўп, аммо ҳозирча жавоблар йўқ.

"UzAuto Motors" автомобилларининг эски ва янги нархлари

Шу ўринда кўпчиликни бир мулохоза қизиқтиряпти. Дарҳақиқат, юқоридаги нархлари оширилган машиналар энг харидоргир ҳисобланади. Уларнинг сотиб олувчилари миқдори ҳам юқори. Шу ўринда талабнинг юқорилигини инобатга олган ҳолда, улар нархини бироз арзонлаштириб, яна ҳам кўп машина сотувини йўлга қўйиш орқали фойдани кўпайтириш ҳам мумкин-ку. Ахир бу ҳам оддий бозор қонунияти-ку.

Бундан ташқари “UzAuto Motors” керагидан кўра ёпиқроқ бўлгани кўпинча унга тегишли ҳар бир хабарни жамиятимиз норозилик кайфияти билан кутиб олади. Нархлар нимага асосланиб оширилди, машиналар тан нархи қайси мезонлар асосида шакллантирилади каби кўплаб масалалар очиқ, ошкора бўлганида миллий автосаноатимизга бу қадар кўп эътирозлар ёғилмас эди.

Умид қиламизки, “UzAuto Motors” мутасаддилари юқоридаги саволларга батафсил жавоб беришади ҳамда агар мақсадлари фойда кўриш бўлса, бундан кейинги фаолиятларини бозорнинг табиий қонуниятлари асосида йўлга қўйиш ҳаракатини бошлашади“, дейди Олий Мажлис депутати.