UzAuto Motors янгиланган Malibu моделини тақдим этди

UzAuto Motors янгиланган Malibu моделини тақдим этди

UzAuto Motors компанияси 1,5 литр Turbo двигателли янгиланган Malibu Facelift автомобили савдосини бошламоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Янгиланган модель Ўзбекистон бозорида Malibu 2,5 литр ўрнини эгаллайди ҳамда унинг янги технологик ва тежамкор (30 фоиз) давомчиси бўлади.

Олдузатмали автомобиль аввалгисидан 100 килограммга енгил эканлигига қарамай, унинг узунлигига тахминан 12 сантиметр қўшилган. Бундай натижага унинг 1,5 литрли 160 от кучига эга турбомотори сабабли эришилган.

“Ушбу моделнинг нархи аввалгисидан 5 миллион сўмга арзон ва у иссиқ иқлимли мамлакатлар учун айни муддао саналади”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, янгиланган Facelift Malibu Turbo 2 литр автомобилининг ҳам савдоси йўлга қўйилган. Ушбу моделдаги автомобилларни етказиб бериш 2019 йилнинг сентябрь ойидан бошланади.

Хабарда ҳозирги вақтда Malibu 2,5 литр автомобили жуда оз миқдорда чегараланган ранглар палитрасида қолгани ва ушбу моделни ишлаб чиқариш тўхтатилаётгани қўшимча қилинган.

7871