"Uzbekistan airways" эртадан бошлаб 5 та шаҳарга доимий авиақатновларни тикламоқда

"Uzbekistan airways" АЖ Дубай, Олма ота, Истанбул, Франкфурт, Бишкек йўналишлари бўйича доимий халқаро авиақатновларни тикламоқда. Бу ҳақда компания ахборот хизмати рус ва инглиз тилларида хабар берди.

Ўзбекистон халқига авиа хизматларини кўрсатувчи ягона монополь компания нега халқ ва давлат тилида ахборот бермагани маълум қилинмаган.

Маълум қилинишича, ҳафтасига бир марта:

  • 4 сентябрдан бошлаб Дубайга жума кунлари,
  • 10 сентябрдан бошлаб Франкфуртга пайшанба кунлари,
  • 11 сентябрдан бошлаб Олма отага жума кунлари,
  • 14 сентябрдан бошлаб Бишкекка душанба кунлари учиш мумкин.
  • Тошкент - Истанбул - Тошкент рейслари 4, 7, 11, 14, 16, 18, 21, 23, 24, 25, 28 ва 30 сентябрь кунлари ташкил этилади.

Ушбу мамлакатдан қайтаётган фуқаролар, албатта, коронавирусга сўнгги 72 соатда тест топширган ва тест натижалари манфий бўлиши керак. Тошкентга қайтгач, 14 кун ўзини ўзи яккалашга ўтишлари талаб қилинади.