Uzbekistan Airways самолёти Сеулдан $192 минглик инсонпарварлик ёрдами олиб келди

Uzbekistan Airways самолёти Сеулдан $192 минглик инсонпарварлик ёрдами олиб келди

10 май, якшанба куни бортида умумий қиймати 192 минг долларга яқин тиббий воситалар шаклидаги навбатдаги инсонпарварлик юки ортилган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясининг чартер самолёти Сеулдан Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ушбу инсонпарварлик ёрдамининг миқдори 8 тоннага яқин.

Қимматли юк таркибига автоматик бошқариладиган кўп функцияли тиббий каравотлар, антисептик ва дезинфекция воситалари, тиббий ниқоблар, инсон иммун тизимини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган озуқавий қўшимчалар киритилган.

Инсонпарварлик ёрдами Жанубий Кореянинг “BOMI Engineering”, “LH Corporation”, “Evergreen Motors”, “Infinity Co., Ltd.” компаниялари, Шинхан университети ҳамда ушбу мамлакатда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар ва ўзбекистонлик талабалар томонидан тақдим этилди.

Шунингдек, Сардоба техноген ҳалокати жабр кўрган оилалар учун Кореядаги ватандошлар ташаббуси билан, элчихонамиз кўмагида $18,5 мингдан зиёд маблағ йиғилиб 4 май куни “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказиб берилганди.

Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар ушбу хайрли акцияни давом эттириб, шу кунларда 26 минг доллардан зиёд маблағни жамлашга муваффақ бўлди. Бу кўмак ҳам “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига ўтказиб берилади.